Филлар нега 2000 метр баландликка чиқмоқда? Танзанияда улар учун йўлак муҳофазага олинди
Танзанияда юзлаб филлар озуқа ва минераллар излаб, Удзунгва тоғларининг қарийб икки минг метр баландликдаги ёнбағирларига кўтарилади. Уларнинг кўчиш йўлини сақлаб қолиш учун 14 километрлик табиий йўлак қонуний муҳофазага олинди. Лойиҳа доирасида 368 ер эгаси компенсация эвазига ерларининг бир қисмини ажратди.

Филлар нега 2000 метр баландликка чиқмоқда? Танзанияда улар учун йўлак муҳофазага олинди
Африка саванна филлари қуруқликдаги энг йирик сутемизувчилар ҳисобланади. Уларни тик ва ўрмон билан қопланган тоғ ёнбағирларида тасаввур қилиш қийин. Шунга қарамай, А-З Анималс нашри хабарига кўра, Танзанияда мингтагача фил Удзунгва тоғларига чиқиб туради.
Бунга сабаб — озуқа ва сувнинг мавсумга қараб турли ҳудудларда ўзгариб туришидир. Қарийб икки минг метр баландликда ўсадиган бамбук қурғоқчилик даврида филлар учун ишончли озуқа манбаига айланган. Тоғлардаги табиий тузли жойлар эса ҳайвонларни зарур минераллар билан таъминлайди.
Филлар ўнлаб йиллар давомида кўчиш пайтида Киломберо водийсидан ўтиб келган. Аммо бу ҳудудда қарийб 50 йилдан бери қишлоқ хўжалиги ерлари мавжуд бўлиб, ҳайвонларнинг ҳаракат йўлини сақлаб қолиш учун маҳаллий аҳоли билан келишувга эришишга тўғри келган.
2025-йил апрелида Танзания ҳукумати Ньерере - Удзунгва йўлагини мамлакатдаги қонун билан муҳофаза қилинадиган биринчи ёввойи табиат коридори сифатида тасдиқлади. Унинг узунлиги тахминан 14 километр, эни эса 200 метрни ташкил этади.
Йўлак Ньерере миллий боғи ва Магомберо ўрмон қўриқхонасини Удзунгва-Маунтинс миллий боғи билан боғлайди. Бу ҳайвонларга муҳофаза этиладиган ҳудудлар орасида эркин ҳаракатланиш имконини беради.
Лойиҳа ишлари 2023-йил ноябрида бошланган. Жанубий Танзания филларини муҳофаза қилиш дастури мутахассислари ҳамкорлар билан бирга йўлак бўйлаб 59 та фототузоқ ўрнатган.
Дастлабки 15 ой ичида камералар сутемизувчиларнинг камида 1440 марта ўтишини қайд этган. Шундан 529 таси филларга тегишли бўлган. Йўлакдан буйволлар, серваллар ва асалхўр бўрсиқлар ҳам фойдаланган.
Лойиҳада қатнашган 368 ер эгасининг ҳар бири йўлак учун 1000–2000 квадрат метрдан ер ажратган. Уларга жами қарийб 2,2 миллиард Танзания шиллинги — тахминан 880 минг АҚШ доллари миқдорида компенсация тўланган.
Расмийлар маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратилишини, шунингдек, йўлакни сақлаш билан боғлиқ даромад келтирувчи лойиҳаларда иштирок этиш имконияти пайдо бўлишини ҳам маълум қилган.
Бироқ табиат ҳимоячилари бошқа ҳудудлардаги ҳайвонлар кўчиш йўлларини ҳам муҳофаза қилиш зарурлигини таъкидламоқда. Лойиҳада иштирок этмаган Грумети Фунд вакили Жорж Лохайнинг фикрича, Танзаниянинг бошқа қисмларидаги шундай йўлаклар ҳам ҳуқуқий ҳимояга муҳтож.

