Феррари ва Ламборгҳини «ватани» Наманган билан ҳамкорлик ўрнатмоқда
Наманган вилояти ва Италиянинг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган ҳудудларидан бири - Эмилия-Романя ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Ҳудудлар саноат, инвестиция, инновация ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорлик қилиши мумкин.

Феррари ва Ламборгҳини «ватани» бўлган Наманган билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда
Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италиянинг Эмилия-Романя вилояти президенти Микеле де Паскале билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди. Шу доирада Эмилия-Романя ва Наманган вилоятлари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Томонлар икки ҳудуднинг юқори саноат ва ишлаб чиқариш салоҳияти ҳамкорлик учун мустаҳкам замин бўлиши мумкинлигини қайд этди. Хусусан, юқори қўшилган қийматга эга ҳамда экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари борлиги айтилди.
Шунингдек, Эмилия-Романя компанияларини Ўзбекистонда истиқболли инвестиция ва саноат лойиҳаларини амалга оширишга жалб этиш, икки ҳудуд ўртасида технологик ва инновацион ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Музокараларда сунъий интеллект ва юқори унумдорликка эга ҳисоблаш технологиялари йўналишига алоҳида эътибор қаратилди. Эмилия-Романядаги мавжуд инфратузилмадан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон билан қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, Эмилия-Романя Италиянинг иқтисодий ва саноат жиҳатдан энг ривожланган ҳудудларидан бири ҳисобланади. 2025-йилда унинг ялпи ҳудудий маҳсулоти қарийб 203 млрд еврони ташкил этган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ бўйича ҳудуд Италияда иккинчи ўринда туради.
Эмилия-Романя машинасозлик, автомобилсозлик, агроозиқ-овқат саноати, қадоқлаш технологиялари ва фармацевтика соҳаларида юқори салоҳиятга эга. Феррари, Ламборгҳини, Дусати, Мах Мара, Течногйм, Пагани, Даллара ва Барилла каби жаҳонга машҳур компаниялар ҳам шу ҳудудда фаолият юритади.

