Фермерларга бепул бухгалтерия хизматлари кўрсатилади
Ўзбекистонда фермер хўжаликларининг бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби белгиланди

**Фермерларга бепул бухгалтерия хизматлари тақдим этилади**
Адлия вазирлиги фермер хўжаликларининг бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Ушбу ҳужжат 2026-йил 11-августда 3921-сон билан рўйхатга олинган.
Низомга мувофиқ, фермер хўжаликларига бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш бўйича хизматлар "Солиқ-сервис" АЖнинг ҳудудий бўлимлари томонидан кўрсатилади. Бу хизматлар бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш, юритиш ва тегишли ҳисоботларни тайёрлашни ўз ичига олади.
Қонунчиликда белгиланган айрим тоифадаги фермер хўжаликлари учун ушбу хизматлар бепул амалга оширилади. Буларга пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари, янги ташкил этилган фермер хўжаликлари, шунингдек, раҳбари ёшлардан иборат янги фермер хўжаликлари киради.
Пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларига бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш хизматлари бепул кўрсатилади. Янги ташкил этилган фермер хўжаликлари эса ўз хоҳишига кўра дастлабки 6 ой давомида солиқ ва молиявий ҳисоботларни юбориш хизматларидан бепул фойдаланишлари мумкин.
Раҳбари ёшлардан иборат янги ташкил этилган фермер хўжаликларига эса бу хизматлар 2 йил давомида кўрсатилади.
Ҳудудий бўлимлар фермер хўжаликларини бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тизимига қабул қилиш, ходимлар иш ҳақи, солиқлар ва бошқа тўловларни ҳисоблаш, солиқ ва йиғимлар ҳисобини юритиш ишларини амалга оширади.
Бундан ташқари, фермер хўжаликлари учун солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботларини тузиш, инвентаризациядан ўтказишда иштирок этиш хизматлари ҳам тақдим этилади.

