Технология

Фастфудлар хотира ёмонлашишига сабаб бўлиши мумкин – тадқиқот

Фастфудлар хотиранинг ёмонлашишига олиб келиши мумкин — тадқиқот

Одатда хотиранинг ўткирлиги фақат мия фаолияти билан боғланади. Аммо каламушларда ўтказилган янги тадқиқот бу жараёнда овқат ҳазм қилиш тизими ҳам иштирок этишини кўрсатди. Тадқиқот натижалари Натуре Соммунисатионс журналида эълон қилинди.

Тадқиқотчилар овқат хотирани қандай фаоллаштиришини аниқлади. Маълум бўлишича, фастфуд ичак ва мия ўртасидаги ушбу муҳим алоқани бузиши мумкин.

Тажриба давомида каламушларга овқат ҳазм бўлганда ичакда табиий равишда ишлаб чиқариладиган тўқлик гормони юборилди. Шундан кейин уларнинг миясида хотира билан боғлиқ модда миқдори кескин ошди. Олимлар ичакдан мияга борадиган бу сигнал йўлида яна бир муҳим бўғин борлигини аниқлади. У миянинг чуқур қисмида жойлашган кичик нерв ҳужайралари гуруҳидан иборат. Тадқиқотчилар шу нерв ҳужайраларини вақтинча ишдан чиқарганда, ичакдан келаётган сигнал миянинг хотира учун жавоб берадиган қисмига етиб бормади. Натижада хотира ҳам мустаҳкамланмади.

Каламушларга турли хил суюқликлар ҳам берилди: калорияли ширин сув, суюқ ёғ ва шакар ўрнини босувчи моддалар қўшилган ичимликлар. Натижада мияда хотира билан боғлиқ модда фақат ҳақиқий калория қабул қилинганда кўпайгани аниқланди. Яъни бунга ширин таъмнинг ўзи эмас, айнан овқатдаги калория сабаб бўлган. Ичак ва мияни боғлайдиган нерв жарроҳлик йўли билан узилганда эса бу реаксия бутунлай йўқолган.

Энг хавотирли натижа зарарли овқатлар билан боғлиқ тажрибада кузатилди. Ёш каламушларга бир ой давомида чипс ва шоколад каби ёғли ҳамда ширин маҳсулотлар берилди. Кейин улар яна одатий овқатланиш тартибига қайтарилди. Аммо шунга қарамай, овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ хотира механизми тикланмади. Каламушлар тўқлик гормонига аввалгидек жавоб бермай қўйди ва керагидан кўпроқ овқатлана бошлади.

Бу натижа ёшликда зарарли овқатларни кўп истеъмол қилиш ичак ва мия ўртасидаги алоқани узоқ вақтга бузиши мумкинлигини кўрсатади.

Якуний тажрибада каламушлар махсус лабиринтга қўйилди — у ерда кемирувчилар овқат қаерга яширилганини эслаб қолиши керак эди. Соғлом каламушлар овқатни осон топди. Ичак ва мияни боғлайдиган нерви шикастланган ёки бу сигнални узатадиган мия қисми фаолияти бузилган каламушлар эса кўп ҳолда нотўғри йўлни танлади.

Зарарли овқат билан озиқланган каламушлар ҳам овқатнинг жойини ёмон эслаб қолган.

Бироқ тажрибалар фақат эркак каламушларда ўтказилган. Шу сабабли олимлар бу жараён одамларда бошқача ишлаши мумкинлигини ва аниқ хулоса чиқариш учун қўшимча тадқиқотлар зарурлигини таъкидламоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.