Фарғонада мансабдорлар сохта маълумот асосида 13 млрд сўм субсидия ажратгани ошкор бўлди
Улар аҳолига етказилган иссиқ энергияси ҳажмини атайлаб кўпайтириб кўрсатган.

Фарғонада мансабдор шахслар қалбаки маълумотлар орқали 13 миллиард сўмга яқин субсидияни ноқонуний равишда ажратганлиги маълум бўлди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Фарғона вилояти "Иссиқлик таъминоти" МЧЖ мансабдор шахслари томонидан 12,9 миллиард сўмлик субсидия маблағлари асоссиз равишда олинганлиги аниқланди.
Текширув натижаларига кўра, "Иссиқлик таъминоти" МЧЖ мансабдорлари 2024-2025-йиллар ҳамда 2026-йилнинг январ-май ойларида аҳолига аслида 85,7 минг Гкал иссиқлик энергияси етказиб берган бўлсалар-да, вилоят иқтисодиёт ва молия бошқармасига тақдим этилган ҳужжатларга 212,3 минг Гкал иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги ҳақида ёлғон маълумотлар киритганлар. Бу ҳаракатлар натижасида буджетдан 12,9 миллиард сўм ортиқча субсидия маблағлари ажратилишига эришилиб, давлат манфаатларига жуда катта миқдорда моддий зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

