Фарғонада мактаб фаррошига шилқимлик қилган 19 ёшли йигит 4 суткага қамалди

Фарғонада мактаб фаррошига шилқимлик қилган 19 ёшли йигит 4 суткага қамалди.
Фарғона вилоятининг Сўх туманида 19 ёшли йигит мактаб фаррошига шилқимлик қилгани учун 4 суткага қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Воқеа 10-август куни соат 10:30 атрофида тумандаги умумтаълим мактабларидан бирининг олдида содир бўлган.
Аниқланишича, 2007-йилда туғилган Ҳ.И. мактаб олдидан ўтаётганида ишдан чиқаётган фаррош N.Sh.ни учратган. Шундан сўнг у аёлга шаҳвоний мазмундаги гапларни айтиб, жинсий алоқа учун пул таклиф қилган.
Бундан ғазабланган жабрланувчи йигитга ўзининг ўғли тенги эканини айтган ва ҳолат юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилган.
Судда Ҳ.И. аёлга айтган гапларини ҳазил деб изоҳлаган ва суддан енгиллик сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Сўх туман суди Ҳ.I.ni Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган (шаҳвоний шилқимлик қилиш) ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топиб, унга 4 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Аввалроқ, Тошкент вилоятида ўқувчи қизга шилқимлик қилган мактаб директори 5 суткага қамалган эди. Шунингдек, Самарқандда мактаб ўқитувчисига шилқимлик қилган туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходими 5 сутка маъмурий қамоққа олинган, Сирдарёда эса ўқувчи қизга Телеграм орқали шаҳвоний мазмундаги хабарлар юборган мактаб маслаҳатчиси 5 суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди.

