Фарғона ва Қўқон Марказий Осиёда барқарор шаҳарлар коалициясига қўшилди
Марказий Осиёда барқарор шаҳарлар коалициясига Фарғона ва Қўқон ҳам қўшилди. Аъзолари сони 10 тага етган бирлашма шаҳарлари ривожланишни узоқ муддатли режалаштиришда табиий офатларга яхшироқ тайёргарлик кўриш ечимларини бирга излайди ва жорий этади. Ташаббусга БМТТД, Япония ва ГИЗ кўмаклашмоқда.

Фарғона ва Қўқон Марказий Осиёда барқарор шаҳарлар коалициясига қўшилди
Фарғона ва Қўқон Марказий Осиёда барқарор шаҳарлар коалицияси иштирокчилари сафидан жой олди. 2025-йилда ташкил этилган коалициядаги шаҳарлар сони 10 тага етди. Аввалроқ Петропавловск (Қозоғистон), Ўш (Қирғизистон), Душанбе (Тожикистон), Ашхобод (Туркманистон) ва Наманган (Ўзбекистон) кирган тармоққа энди Бишкек ва Манас (Қирғизистон), Исфара (Тожикистон), шунингдек, Фарғона ва Қўқон (Ўзбекистон) ҳам қабул қилинди.
Бу ҳақда Тошкентда 19−20-октабр кунлари ўтказилган шаҳарлар барқарорлиги бўйича иккинчи минтақавий мулоқотда маълум қилинди. Тадбирнинг мақсади иқлим таҳдидлари ва табиий офатлар хавфига тайёргарликни кучайтириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда маҳаллий жамоаларни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилишдан иборат эди.
Мулоқот Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар ва офатлар хавфини камайтириш маркази ҳамда БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан ташкил этилди. У Япония ҳукумати кўмагида “Марказий Осиёда шаҳарларнинг офат хавфи ва иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш” ҳамда “Марказий Осиёда офатлар хавфини минтақавий миқёсда камайтириш тизимни мустаҳкамлаш” номли иккита минтақавий лойиҳа доирасида бўлиб ўтди.
Коалиция шаҳарларга тажриба алмашиш, бир-биридан ўрганиш ва сув тошқинлари, ер силкинишлари ҳамда бошқа хавф-хатарларга яхшироқ тайёргарлик кўриш учун амалий ечимлар топиш, шунингдек, ўз ривожланишининг узоқ муддатли режаларини тузишда иқлим хавфларини ҳисобга олиш имконини беради, дея хабар қилди
Коалиция доирасида Ўш, Манас, Исфара, Фарғона ва Қўқон шаҳарлари ГИЗ (Германия халқаро ҳамкорлик жамияти) томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Бундан ташқари, минтақа мамлакатларининг миллий сейсмология институтлари зилзилаларга тайёргарлик соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди. Тадбирда имзоланган янги меморандум илмий билимлар билан алмашиш, координацияни яхшилаш ҳамда мамлакатларга сейсмик фаоллик хавфларини баҳолаш ва уларнинг олдини олишда ёрдам кўрсатиш учун асос яратади.
“Умумий мақсадимиз — хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда жамоалардир”, — деди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Хуршид Сотиев. У бу йўналишда ҳукуматлар, ривожланиш бўйича ҳамкорлар, БМТ муассасалари, илмий ҳамжамият ва ноҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлади.
“Шаҳарлар ривожланиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак. Олдини олиш, тайёргарлик ва барқарор инфратузилмага киритилган ҳар бир инвестиция инсонлар ҳаётини сақлаб қолади ва эришилган ривожланиш натижаларини ҳимоя қилади”, — деб таъкидлади БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии.
“Биз дуч келаётган чақириқлар жуда жиддий. Уй-жой фонди ва инфратузилманинг таркибий заифлиги сақланиб қолмоқда, жадал урбанизация хавфларни бошқариш салоҳиятидан ўзиб кетмоқда, иқлим ўзгариши оқибатлари эса тезлашмоқда. Айнан шунинг учун барқарор халқаро шериклик ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Япония офатлар хавфини камайтириш ва уларни бошқариш бўйича минтақавий ҳамда глобал ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш учун ўз тажрибаси, билимлари ва ресурслари билан ўртоқлашишда давом этмоқда”, — деди Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Кенжи Ҳирата.
Мулоқот иштирокчилари БМТТД томонидан қўллаб-қувватланаётган пилот шаҳарлар тажрибаси ва табиий офатларга тайёргарлик кўришнинг амалий воситаларини ўрганди, шунингдек, Япониянинг хавфсизроқ ва чидамлироқ шаҳарлар барпо этиш бўйича илғор тажрибаси билан танишди.

