Фарғона водийси фермерлари иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича ечимларни дала шароитида синовдан ўтказмоқдалар
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) иқлим ўзгариши шароитида фермерлар ва томорқа ер эгаларининг барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши соҳасидаги амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида Фарғона водийсида учта дала фермерлик мактабини ташкил этди. Дала фермерлик мактаблари Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида, Наманган вилоятининг Наманган туманида ва Фарғона вилоятининг Фарғона туманида фаолият юритмоқда. Ҳар бир мактаб […]

Фарғона водийси фермерлари иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича ечимларни амалиётда синаб кўрмоқдалар
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) иқлим ўзгариши шароитида барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши соҳасида фермерлар ва томорқа ер эгаларининг амалий билим ва кўникмаларини кучайтириш мақсадида Фарғона водийсида учта фермерлар дала мактабини очди.
Фермерлар дала мактаблари Андижон вилоятининг Қўрғонтепа тумани, Наманган вилоятининг Наманган тумани ва Фарғона вилоятининг Фарғона туманида фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ҳар бири маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг эҳтиёжлари ва муайян ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилган. Андижон вилоятида ўқитиш картошка етиштиришга бағишланган, Наманган вилоятидаги мактаб иссиқхона хўжалигини ресурс тежовчи усулда юритишга йўналтирилган, Фарғона вилоятидаги амалий машғулотлар эса малиначиликни ривожлантиришга қаратилган.
Ушбу ташаббус ФАОнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси томонидан Тошкент давлат аграр университети билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Фарғона водийсида қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш учун Жануб–Жануб ва уч томонлама ҳамкорлик» (UNUN/SEC/028/UND) минтақавий лойиҳаси доирасида ҳаётга татбиқ этилмоқда. Лойиҳа Фарғона водийсида жойлашган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларини бирлаштиради.
Фермерлар дала мактабларида иштирокчилар шунчаки тайёр тавсиялар билан танишиб қолмайдилар. Бутун қишлоқ хўжалиги мавсуми давомида улар даладаги экинларни бевосита кузатиб борадилар, мутахассислар билан биргаликда юзага келаётган муаммоларни таҳлил қиладилар, турли ечимларни синаб кўрадилар ва олинган натижалар асосида мустақил қарор қабул қилишни ўрганадилар. Бундай формат назарий билимларни маҳаллий тупроқ, иқлим ва ишлаб чиқариш шароитларига мослаштиришга ёрдам беради.
«Фермерлар дала мактабининг асосий афзаллиги шундаки, бу ерда фермер шунчаки тингловчи эмас, балки ўқув жараёнининг фаол иштирокчисига айланади. У экинни кузатади, муаммоларнинг сабабларини таҳлил қилади, ечимларни синаб кўради ва ўз хўжалиги учун энг мақбул вариантни танлайди. Бу янги билимларни амалиётда тезроқ қўллашга хизмат қилади», — деб таъкидлади лойиҳа координатори Муҳаммаджон Қосимов.
Қўрғонтепа туманидаги фермерлар дала мактабида иштирокчилар картошкани озиқлантириш ва парвариш қилиш, тупроққа ишлов бериш, ўсимликларнинг ўсиш босқичларини кузатиш, шунингдек, касаллик ва зараркунандалардан интеграциялашган ҳимоя қилиш масалаларини ўргандилар. Машғулотлар давомида фермерлар ўз далаларида дуч келаётган муаммоларни ҳам муҳокама қилдилар. Хусусан, айрим уруғлик картошка туганакларининг етарлича унмаслиги ҳолатлари кўриб чиқилди, юзага келиши мумкин бўлган сабаблар таҳлил қилинди ва келгуси агротехник тадбирлар бўйича тавсиялар берилди.
«Илгари экинларда муаммо юзага келганда, кўпинча унинг аниқ сабабини билмай туриб чора кўрардик. Дала мактабида биз ўсимликларнинг ҳолатини кузатишни, тупроқ шароити ва озиқланишини таҳлил қилишни ва шундан кейингина қарор қабул қилишни ўрганмоқдамиз. Энг муҳими — биз тавсияларни ўз томорқаларимизда синаб кўришимиз ва натижаларни бевосита кўришимиз мумкин», — деди Қўрғонтепа тумани «Навбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси З. Сайдалиев.
Наманган туманининг «Бешкапа» маҳалласида ташкил этилган фермерлар дала мактабида иштирокчилар иссиқхона ва парникларни мавсумий экишга тайёрлаш, тупроққа қўйиладиган талаблар, дезинфекция ишларини олиб бориш ва экинларни тўғри жойлаштириш масалаларини ўргандилар. Ҳаво ва тупроқ ҳарорати, шунингдек, намлик даражаси каби муҳим кўрсаткичларни мунтазам кузатиб бориш ва ҳисобга олишга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу маълумотлар ишлаб чиқарувчиларга сув, ўғит ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экинларни парвариш қилиш бўйича ўз вақтида қарор қабул қилишга ёрдам беради.
Фарғона туманининг «Саноат» маҳалласидаги AL-VODILIY малиначилик кластерида ўтказилган машғулотлар малина етиштиришнинг асосий босқичларини қамраб олди. Иштирокчилар ўсимликларнинг озуқа моддаларига бўлган эҳтиёжини аниқлаш, ўғитларни тўғри қўллаш, буталарни шакллантириш ва буташ, шунингдек, касаллик ва зараркунандаларни мунтазам мониторинг қилиш бўйича амалий тавсиялар олдилар. Мутахассислар, шунингдек, зараркунандаларга қарши курашишнинг биологик, физик ва кимёвий усулларини уйғунлаштириш тамойилларини тушунтириб бердилар.
Фермерлар дала мактабларидаги ўқитиш бир марталик машғулотлар билан чекланиб қолмайди. Экишдан тортиб ҳосилни йиғиб олгунга қадар бўлган даврда — «уруғдан уруғгача» ёндашуви доирасида — иштирокчилар экинларни кузатишда, ўзгаришларни қайд этишда, натижаларни солиштиришда ва янги усулларни синаб кўришда давом этадилар. Бу жараён, шунингдек, фермерлар, олимлар ва қишлоқ хўжалиги мутахассислари ўртасида мунтазам тажриба алмашиш учун майдон яратади.
Бундай ёндашув фермерларга иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарларга яхшироқ тайёргарлик кўриш, ер, сув ва бошқа ишлаб чиқариш ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда маҳаллий шароитларга мос келадиган ечимларни танлашга ёрдам беради. Фермерлар дала мактабларида тўпланган амалий тажриба Фарғона водийсининг бошқа туманларида ҳам иқлимга мослашган ва барқарор қишлоқ хўжалиги амалиётларини кенгроқ жорий этишга хизмат қилиши мумкин.

