Фарғона ва Kam Air авиакомпания ташкил этишни муҳокама қилди
Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Kam Air янги халқаро авиакомпания ташкил этиш ҳамда лойиҳани амалга оширишга ўтиш масаласини муҳокама қилди.

Фарғона ва Kam Air авиакомпания ташкил этишни муҳокама қилди
Фарғона вилоятида янги халқаро авиакомпанияни ишга тушириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Афғонистоннинг Kam Air компанияси раҳбари Омар Моҳаммад Сулаймон бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Тадбирда «Uzbekistan Airports» АЖ Тижорат фаолияти департаменти бошлиғи Тимур Халилов ҳам иштирок этди.
Ушбу учрашув жорий йилнинг 26–27 июль кунлари Фарғона вилояти делегациясининг Афғонистонга ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг давоми бўлди.
Сафар давомида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, томонлар ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга бағишланган бир нечта учрашувлар бўлиб ўтган эди.
Бу галги музокараларда иштирокчилар эришилган келишувларнинг амалга оширилиши ва авиация соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришни муҳокама қилдилар.
Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири Фарғонада янги халқаро авиакомпания ташкил этиш ташаббуси бўлди.
Томонлар лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш имкониятлари, зарур инфратузилма ва тегишли хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича фикр алмашдилар. Ташаббусни муҳокама қилишдан уни амалий жорий этишга ўтиш учун ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари лойиҳага соҳавий ташкилотлар ва мутахассисларни жалб этиш зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, тегишли ишларни халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этиш аҳамияти қайд этилди.
Музокаралар якунида томонлар кейинги қадамларни келишиб олдилар ва авиация соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олдилар.

