“Фақат код ёзиш билан иш битмайди” – Метаъдаги ўзбек мутахассиси Абдусоли Эргашев билан суҳбат

**“Фақат код ёзиш билан иш битмайди” – Метаъдаги ўзбек мутахассиси Абдусоли Эргашев билан суҳбат**
Мета (собиқ Фасебоок) — Гоогле, Амазон, Аппле ва Мисрософт билан бир қаторда дунёнинг энг кучли беш технологик гигантидан бири. Бундай улкан компанияга ишга кириш учун қандай мутахассис бўлиш керак? Бу йўлда фақат касбий кўникмалар етарли эмас, чунки зўрдан зўр бор: қимматли кадр бўлиш учун мослашувчанлик, тез ўрганиш, мулоқот маҳорати, жамоада ишлай олиш каби шахсий фазилатлар ҳам зарур.
Ўзбекистонлик дастурчи Абдусоли Эргашев айнан шу хусусиятларни юқори даражада мужассам эта олгани сабабли бир йилдан ошиқ вақт давомида дунёнинг энг кучли компанияларидан бирида ишламоқда. Ва бу унинг ҳикоясидаги ягона ютуқ эмас. Daryo.uz унинг кодлар оламидаги йўли қандай бошланганини ва АҚШ сари қандай етаклаганини ўрганди.
### Университет
Қаҳрамонимиз бакалавриат таълимини Тошкентдаги Инҳа университетида олган. Код ёзиш ва турли янги дастурлар яратиш орқали муаммоларга ечим топишга қизиқиши айнан шу ерда бошланган ва дастурий инжиниринг йўналишини танлашига туртки бўлган.
“Таълим Корея мезонларига асослангани учун барча дарслар инглиз тилида, куннинг турли соатларида ўтиларди. Эрталабдан кечгача вақтимни университетда — ўрганиш ва яратиш иштиёқи билан тўйинган муҳитда ўтказардим. Талабалар гуруҳ-гуруҳ бўлиб турли лойиҳалар устида ишлашарди. Учинчи ва тўртинчи босқичда ўзимни робототехникада ҳам синаб кўрдим, лекин код ёзишга қизиқиш устунлик қилган”, дея талабалик йилларини эслайди у.
У илк муваффақиятли лойиҳасини ҳам айнан университетда амалга оширган. Олийгоҳ миқёсида ўтказилган Аутономоус Сар Сомпетитион танловида икки шериги билан автоном автомобил яратиб, 250 нафар талаба орасида учинчи ўринни эгаллаган.
### Илк тажриба
Бакалавриат дипломини олган Абдусоли Эргашев билимларини маҳаллий бозорда синаб кўришга қарор қилади ва профессионал фаолиятини “Халқ” банкида бошлайди. Бу ерда бонуслар тизими ва ҲР дастурлари устида ишлаб, йирик экотизимда жараённи тўғри ташкил этиш қанчалик муҳимлигини ўрганади.
“Банк соҳасидаги тажриба биргина арзимас хато ҳам жуда қимматга тушиши мумкинлигини кўрсатган, ишга қунт ва синчковлик билан ёндашиш қанчалик муҳимлигини амалда ҳис қилганман”, — дейди у.
Мутахассиснинг айтишича, Левелуп Солутионсъдаги фаолияти унга катта маълумотлар базаси билан ишлашни ўргатган бўлса, ЭПАМъдаги иш даври халқаро жамоа таркибида ишлаш кўникмасини шакллантирган.
### АҚШ сари ва Мета
Маҳаллий бозорда ўзини синаб кўрган Абдусоли Эргашев билим ва кўникмаларини янада такомиллаштириш мақсадида таҳсилни давом эттиришга қарор қилади. Шу боис магистратура босқичи учун АҚШнинг бир неча нуфузли олийгоҳига ҳужжат топширади:
“Олийгоҳлардан келган таклифномалар орасида Тулса университетининг грант дастури ҳар томонлама маъқул келган. Бу ерда кўплаб кучли профессорлар ва талабалар билан бирга ишлаш имконияти борлиги ҳам эътиборимни тортган. Тўғри, ўқиш ўйлаганимдан анча қийинроқ экан, чунки университетда чет эллик талабаларга минимум ГПА бали белгиланган, ундан паст балл олганлар ўқишни ўз вақтида тамомлай олмайди. Бу имтиҳонларга пухта тайёрланиш кераклигини билдиради. Аммо таҳсил давомида устозлар ва тенгдошларимдан жуда кўп нарса ўргандим ва бу кейинги карьерамга ижобий таъсир қилди”.
Икки йиллик таҳсил давомида Абдусоли Эргашев ФААНГ (Фасебоок, Аппле, Амазон, Гоогле) компанияларига кириш учун суҳбат жараёнларига тайёрлана бошлайди. Бир ярим йил давом этган машаққатли жараёнда рад жавоблари ҳам бўлади, аммо охир-оқибат Мета компаниясига ишга қабул қилинади ва Калифорния штатига кўчиб ўтади.
Қаҳрамонимизнинг Метаъдаги фаолияти Реалитй Лабс бўлимининг Веараблес Среаторс жамоаси таркибида бошланган. Бу жамоа турли гаджетлар (масалан, ақлли кўзойнаклар ва бошқа қурилмалар) учун дастурий таъминот, экотизим ва ижодий ечимларни яратиш ҳамда ривожлантириш билан шуғулланади. Унинг айтишича, компанияда сира хаёлига ҳам келтирмаган янги талаблар билан юзлашган.
“Бу ерда дастурчи нафақат дастур ёзиши, балки маҳсулот дизайнери, маълумотлар бўйича мутахассис, маҳсулот менежери ва функсиялараро жамоалар билан бирга ишлаб, маҳсулотни нолдан кўтариши ҳам керак. Бу эса мулоқот маҳорати, пухта режа тузиш ва дастурни вақтида етказиб беришни талаб қилади. Аввалига бу мен учун жуда мураккаб туюлган. Чунки бошқа компанияларда дастурчи код ёзса бас, жараённинг бошқа жиҳатлари ҳақида бош қотириб ўтирмайди. Бундай юқори талаб қаршисида мослашувчанлик, янги муҳитда тез ўрганиш каби кўникмалар жуда асқатган.
Ишимизнинг яна бир нозик томони бу — сунъий идрок. Бугун сунъий идрок биз каби мутахассислар бажарадиган кўплаб такрорланувчи вазифалар — код ёзиш, бўлакларни улаш каби ишларни автоматлаштириш имконини беряпти. Мен айнан автоматлаштириб бўлмайдиган қисмлар билан ишлаганим учун ҳам бошқа номзодлар орасида устунликка эга бўла олдим, деб ўйлайман.
Сунъий идрокдан тўғри фойдаланиб, катта миқёсдаги лойиҳалар яратиш яхши тажриба талаб қилади. Кўплаб дастурлаш тилларида ва серверларда ўзимни синаб кўрганим шу жиҳатдан жуда қўл келяпти”.
### Импостер синдроми
Абдусоли Эргашев билан суҳбат давомида ўзбекистонлик ИТ мутахассислар асосан қандай йўналишларда бандлиги ҳақида ҳам сўрадик.
“Охирги вақтларда бу ердаги ўзбекистонликлар кўпроқ кичик стартап қуришга қизиқаётганини кузатяпман. Сунъий идрок ривожланаётган вақтда ёшлар янги ғоялар устида ишлашни афзал кўришяпти. Лекин катта аудитория ва кўламга эга лойиҳаларда ишлаб, тажриба орттиришни танлайдиганлар ҳам етарлича топилади”.
Суҳбатдошимиз ўз ҳикоясида қизиқ бир жиҳатни тилга олди. Унинг айтишича, АҚШ меҳнат бозорига энди қадам қўйган дастурчилар импостер синдромини ҳис қилади.
“АҚШ бозоридаги рақобат мен кутганимдан анча кучли экан. Чунки бутун дунёдан кўплаб кучли мутахассислар шу ерга оқиб келади, иш ўринлари эса чекланган. Бу бозорда кўп йиллик тажрибага эга кучли дастурчилар жуда кўп, шу сабабли бошқа давлатдан энди келган дастурчи импостер синдромини бошдан кечиради, яъни ўзини сохтакордек, бундай муҳитда ишлашга нолойиқдек, шахсий кўникмалари етарли эмасдек ҳис қилади”.
### Учта “Т” қоидаси
Суҳбатимиз қаҳрамони ўзи босиб ўтган йўл ва тажрибасидан келиб чиқиб, ўзбекистонлик ёшларга АҚШ меҳнат бозори учун керакли кадрга айланиш борасидаги тавсиялари билан бўлишди.
“Уммон ортида қимматли мутахассис бўлишни, катта компаниялар таркибида ишлашни ақалли бир маротаба орзу қилиб кўрмаган ёшлар бўлмаса керак. Шундай тенгдошларимга камтарона тажрибамдан келиб чиқиб, учта “Т”ни тавсия қилган бўлардим. Бу: тил, тайёргарлик ва тажриба.
Инглиз тилини яхши ўрганиш энг муҳим ва устувор масала. Қизиғи, Ўзбекистонда ўргатиладиган ва америкаликлар кундалик мулоқотда қўллайдиган инглизча бироз фарқ қилади. Мана шу тафовутларни инобатга олган ҳолда ҳар қандай мавзуда ўз фикрини равон ифодалай олиш, ғояларини сотиш ва музокара юрита олиш даражасида тилни ўзлаштириш жуда муҳим.
Иккинчи жиҳат — тайёргарлик. Бу қандай тайёргарлик бўлиши мумкин? Аввало, АҚШга кириш ва яшаш имкониятини берадиган барча виза турлари билан яхшилаб танишиб чиқиб, ўзингиз учун керакли тоифа талаблари бўйича пухта тайёрланиш. Шунингдек, бу мамлакатда ишлайдиган ёки ўқийдиган ватандошлар билан суҳбатлашиб, реал вазият бўйича тасаввурга эга бўлиш ҳамда ўзини руҳан тайёрлаш. Ва ниҳоят, ҳар хил қийинчиликларга тайёр бўлиш. Чунки бошида иш топа олмаслик, арзимас ҳақ эвазига ёки ўртамиёна компанияларда ишлашга тўғри келиши мумкин. Дастлабки қийинчиликларга тайёр бўлган ва улардан ўта олган кишигина йўлини давом эттириб, кўзлаган маррасига эриша олади.
Учинчи “Т” — тажриба. Айнан дастурчилик мисолида айтадиган бўлсам, соҳанинг асосларини яхшилаб ўрганиш, имкон қадар кўпроқ мустақил дастурлар яратиш ва синаб кўриш, кучли дастурчилардан иборат компанияда текинга бўлса ҳам ишлаб, тажриба орттиришни қаттиқ тавсия қиламан. Рақобат кучли бўлган бозорда тажриба кадрнинг қўлидаги энг кучли қуролга айланади”.

