Фабрисио Романо танқидлар остида қолди

Фабрисио Романо, футбол трансферлари бўйича тезкор хабарлари билан танилган италиялик инсайдер, сўнгги пайтларда ўз фаолияти юзасидан жиддий танқидлар ва муҳокамалар марказида қолмоқда. Хабарларга кўра, Европанинг айрим нуфузли клублари унинг қўнғироқларига жавоб беришдан бош тортмоқда.
Бу ҳолатга Романонинг трансфер бозорини ёритиш услуби, баъзан тасдиқланмаган маълумотларни тарқатиши ва нозик музокаралар жараёнига аралашуви сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Айрим мухлислар ва мутахассислар унинг хабарлари ишончлилигига шубҳа билан қараб, уни профессионал журналистдан кўра кўпроқ “блогер” сифатида қабул қила бошлаганлар.
Яқинда германиялик таниқли журналист Флориан Плеттенберг Романони Ян Диоманденинг “Реал”га ўтиши бўйича ҳужжатлар тўлиқ ҳал этилмасдан туриб, трансферни якунланган деб эълон қилгани учун очиқчасига танқид қилди. Аввалроқ Марк Гехи, Жоау Педро ва Флориан Вирц билан боғлиқ вазиятларда ҳам шошқалоқликка йўл қўйилгани қайд этилган эди.
Катта аудиторияга эга эканлиги сабабли Романонинг хатолари тезда жамоатчилик эътиборига тушади. Хусусан, 2023-йилда Туркиядаги зилзила вақтида марҳум футболчи Кристиан Ацунинг қутқарилгани ҳақидаги нотўғри маълумотнинг тарқатилиши жиддий резонанс келтириб чиқарган. Бу ҳолат тезкорликни аниқлик ва фактларни текширишдан устун қўйишнинг салбий оқибати сифатида баҳоланган.
Шунга қарамай, Романонинг футбол оламидаги таъсири ҳамон жуда катта. Унинг ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони кўплаб клубларникидан ҳам кўп. Шу сабабли, агентлар ва жамоалар унинг саҳифаларидан трансферларни оммага эълон қилишда самарали восита сифатида фойдаланиб келмоқда.
Маълумот ўрнида, Фабрисио Романо бир неча кун аввал ўзининг машҳур “ҲЕРЕ ВЕ ГО” иборасидан фойдаланишни тўхтатмоқчи эканини ва ёзги трансфер ойнаси ёпилгач, ўзининг келгуси режалари ҳақида батафсил маълумот беришини айтиб ўтган эди.

