Эстония Россия чегарасида хавфсизлик чораларини узайтирди
Эстония ҳукумати Россия билан чегарадаги автомобил назорат-ўтказиш пунктларининг 12 соатлик иш режимини номаълум муддатга узайтирди. Энди бундай чеклов темирйўл ўтиш пунктларига ҳам татбиқ этилади. Таллин қарорни хавфсизлик чоралари билан изоҳлади.

Эстония Россия билан чегарада хавфсизлик чораларини узайтирди
Эстония ҳукумати 13-август куни бўлиб ўтган йиғилишда Ички ишлар вазирлигининг Россия билан чегарадаги автомобил ўтиш пунктларининг 12 соатлик иш режимини номаълум муддатга узайтириш ҳақидаги таклифини маъқуллади. Шунингдек, мазкур тартиб темирйўл ўтиш пунктларига ҳам жорий этилади.
Эстония Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, "Нарва", "Койдула" ва "Лухамаа" чегара пунктлари баҳордан буён соат 07:00 дан 19:00 гача ишлаб келмоқда. Россия томонида уларга мос равишда Ивангород, Куничина Гора ва Шумилкино назорат пунктлари жойлашган.
Дастлаб мазкур вақтинчалик режим август ойи охирига қадар амал қилиши режалаштирилган эди. Энди эса унинг амал қилиш муддати чекланмаган.
Эстония ички ишлар вазири Игор Таронинг таъкидлашича, чекловларнинг асосий мақсади чегара хавфсизлигини кучайтириш, эҳтимолий чегара ҳодисаларига тезкор жавоб бериш имкониятини ошириш ва божхона назоратини кучайтиришдан иборат.
Унинг сўзларига кўра, ушбу мақсадлар ҳозир ҳам долзарблигича қолмоқда. Вазир қарорни Россия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг умумий ҳолати, жумладан Украинадаги уруш билан ҳам боғлаган.
Шу билан бирга, Таро Эстония ҳукумати ҳозирча Россия билан чегарани тўлиқ ёпиш учун зарурат кўрмаётганини билдирди. Қўшни Финландия эса Россия билан қуруқликдаги чегара пунктларини 2023-йил декабрида ёпган эди.
Эстония Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Россия билан қуруқлик чегарасини кесиб ўтувчилар сони ҳам қисқарган.
2025-йилнинг биринчи ярмида икки давлат ўртасидаги қуруқликдаги назорат пунктларидан қарийб 512 минг киши ўтган бўлса, 2026-йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 444 минг нафарни ташкил этган. Бу бир йил аввалгига нисбатан 13 фоизга кам.
Чегарани кесиб ўтган транспорт воситалари сони ҳам 20 фоизга - 43,5 мингтадан 35 мингтага камайган. Темирйўл назорат пунктлари орқали ҳаракатланган поездлар сонида ҳам сезиларли пасайиш қайд этилган.
Россия эса 1-июлдан Финландия, Эстония ва Латвия билан чегарадаги тўққизта темирйўл ўтиш пунктидан еттитасини ёпган. Эстония йўналишида Печори-Псковские пункти ёпилган, Ленинград вилоятидаги Ивангород юк ва йўловчи ўтиш пункти эса очиқ қолдирилган.
Россия томони ушбу қарор сабаблари ва чекловлар қанча муддат амал қилиши ҳақида маълумот бермаган.

