Эроннинг бешта нефт танкери АҚШ зарбаларига учради
АҚШ Марказий қўмондонлиги (СЕНТСОМ) Эрон Инқилоб муҳофизлари корпусига алоқадор деб кўрсатилган бешта нефт танкерига зарба бериб, уларни ишдан чиқарганини маълум қилди. АҚШ томони бу ҳаракатни сўнгги икки кун ичида Эрон кучлари Америка ҳарбий кемасига икки марта баллистик ракеталар билан ҳужум қилишга уринганидан кейин амалга оширганини билдирди.

**Эроннинг бешта нефт танкери АҚШ зарбаларига учради**
АҚШ Марказий қўмондонлиги 8-сентабр куни Эроннинг бешта нефт танкерига зарба берилганини маълум қилди.
СЕНТСОМ бу ҳақда Х ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида хабар берди.
Америка қўмондонлигининг билдиришича, операция Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси сўнгги икки кун ичида АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари кемасига икки марта баллистик ракеталар билан ҳужум қилишга урингандан сўнг амалга оширилган.
СЕНТСОМ Америка ҳарбий кемаси Эрон томонининг ҳужумларидан муваффақиятли четлаб ўтгани ва минтақавий сувларда патрулликни давом эттирганини маълум қилди. Ҳодисалар натижасида АҚШ ҳарбий хизматчилари орасида жабрланганлар бўлмаган.
**Бешта танкерга зарба берилган**
АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотига кўра, Уммон кўрфазида М/Т Кавиз, М/Т Чарминар, М/Т Ҳоризон 1 ва М/Т Риессо танкерларига зарба берилган.
Яна бир — М/Т Деря танкери Форс кўрфазидаги Харк ороли яқинида нишонга олинган.
СЕНТСОМ таъкидлашича, Америка ҳарбийлари зарба беришдан олдин кемалар экипажларига танкерларни тарк этиш бўйича кўрсатма берган. Шундан кейин кемаларга зарба берилиб, улар ишдан чиқарилган.
АҚШ ҳарбийлари ушбу танкерлар Эрон Инқилоб муҳофизлари корпуси фойдаланадиган кўп миллиард долларлик «яширин» нефт тармоғининг бир қисми бўлганини даъво қилмоқда.
Вашингтон талқинига кўра, мазкур тармоқ орқали олинадиган маблағлар Инқилоб муҳофизлари корпуси ҳамда унинг минтақадаги ҳамкор кучларини молиялаштиришга йўналтирилган.
СЕНТСОМ баёнотида Теҳрон мазкур кемаларни Америка ҳарбий ҳаракатларидан ҳимоя қилиш имкониятига эга эмаслиги ҳам қайд этилган.
**5-сентабрда ҳам учта танкерга зарба берилган**
Бу АҚШнинг сўнгги кунларда Эрон нефт танкерларига қарши амалга оширган биринчи операцияси эмас.
СЕНТСОМ маълумотига кўра, 5-сентабр куни ҳам Эроннинг учта нефт танкери йўқ қилинган. АҚШ томони бу зарбалар Эрон Инқилоб муҳофизлари корпусининг Америка авиаташувчиси ва ракета эсминецига ҳужум қилишга уринишидан кейин амалга оширилганини билдирган.
Шу тариқа, АҚШ ҳарбийлари маълумотларидан келиб чиқилса, 5–8-сентабр оралиғида Эронга алоқадор деб кўрсатилган жами саккизта нефт танкерига зарба берилган.

