Эронга қарши янги уруш, Трамп Ким билан кўришмоқчи – ҳафта дайжести
Ҳафта давомида Америка Ҳўрмуз бўғозида нефт ташиб чиқиш бўйича махфий операция ўтказди. Трамп Ким Жонг Ун билан учрашмоқчи экани маълум бўлди. Вашингтон Теҳрон билан бизнес қилганларни ҳам жазоламоқчи. Михайло Фёдоров Украинада сайлов ўтказишни талаб қилди. Бир неча дақиқа вақтингизни аямасангиз, ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим воқеаларини биргаликда ёдга оламиз.

**Янги уруш, Трамп ва Ким учрашуви – Ҳафталик Дайжест**
Ўтган ҳафта давомида Америка Қўшма Штатлари Ҳўрмуз бўғозида нефт ташиш бўйича махфий операция ўтказди. Шу билан бирга, АҚШ президенти Доналд Трамп Шимолий Корея етакчиси Ким Жонг Ун билан учрашиш ниятида эканлиги маълум бўлди. Вашингтон Эрон билан бизнес қилган шахслар ва ташкилотларга қарши санксиялар қўллашни режалаштирмоқда. Украинада эса Михайло Фёдоров сайлов ўтказишни талаб қилди. Келинг, бир неча дақиқа вақтингизни аямай, ҳафтанинг ушбу ва бошқа муҳим воқеаларини биргаликда эслаб ўтамиз.
**Эронга қарши иқтисодий уруш**
Америка феврал ойи охирида Эронга қарши уруш бошлаган эди. Тезда якунланиши кутилган бу уруш ярим йил ўтиб боши берк кўчага кириб қолди. Америка жаҳон чемпионатигача барчасини тугатишни мақсад қилган бўлса-да, дунёдаги энг томошабоп мусобақа ҳам уруш ҳолатида ўтди. Ҳатто ноябрдаги оралиқ сайловларгача ҳам уруш тугамаган бўлса керак.
Ҳарбий ва сиёсий мақсадларига эриша олмаган Трамп маъмурияти эндиликда Эронга қарши иқтисодий уруш вариантини кўриб чиқмоқда. Америка энди "биз билан бўлмаганлар бизга қарши" тамойилига таяниб, Эрон билан бизнес қиладиганларга ҳам санксиялар билан таҳдид солмоқда.
Америка Эронга қарши янги санксиялар ҳақида эртага ўтказиладиган матбуот анжуманида эълон қилиши кутилмоқда. Вашингтон Эронга ёрдам бераётган ҳар бир кишини жазолашни мақсад қилган. Молия вазири Скотт Бессентнинг сўзларига кўра, "Биз билан бўлмаганлар бизга қаршидир. Эрон билан бизнес қилсангиз, пул ўтказсангиз, нефт сотиб олсангиз, Америка ҳукумати сизга қарши бор кучини ишга солади."
Америка вице-президенти Жей Ди Венснинг таъкидлашича, иқтисодий босим "Вашингтон қўлидаги энг самарали таъсир воситаси" экан. Жаноблар, шу ишингизни уруш бошлашдан аввал қилганингизда нима бўларди? Шунча уруш, шунча қон тўкилиши, шунча катта кетиш ва энг охирида мақсадингизга барибир санксиялар орқали эришаркансиз, нега бошидан урушмай "энг самарали таъсир доирангиздан" фойдаланмадингиз? Қизиғи шундаки, Эрон санксиялар таъсири остида яшаш бўйича "жаҳон чемпиони". Бу давлат 1979-йилги инқилобидан буён санксиялар остида яшаб келади. Эрон Европа шарқидаги бир давлатга ўхшаб "санксия бизни кучлироқ қилади" демайди, шунчаки бундай шароитда қандай яшашни яхши билади.
**Трамп Ким билан учрашмоқчи**
АҚШ президенти Трамп Шимолий Корея етакчиси Ким Жонг Ун билан учрашиш ниятида. Бу учрашув ноябр ойида Хитойда бўлиши мумкин. Америка президенти аввал ҳам икки марта Шимолий Корея етакчиси билан учрашган. Бир марта Вьетнамдаги саммитда, кейин эса икки Корея ўртасидаги қуролсиз ҳудудда. Лекин ўша учрашувлардан кейин ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Трамп шунчаки Ким билан суратга тушган, холос. Бу галги учрашувнинг энг асосий натижаси ҳам икки сиёсатчининг бирга тушган расми бўлишига шубҳа қилмасангиз бўлади.
Трамп бу учрашув ўтказилиши учун Американинг Жанубий Корея билан анъанавий ҳарбий машғулоти муддатини кескин қисқартирди. Журналистларга Ким билан учрашмоқчи экани, у билан яна мулоқот ўрнатилгани ҳақида сиёсий ғалабадек айтиб берди. Ваҳоланки, дўсти Си Жин Пинга айца, Шимолий Корея етакчисини бир пасда телефонда улаб берган бўларди.
Трамп журналистларга "Ким билан жуда яхши муносабатда эканини" айтиб мақтанди. Америка президенти учрашувда Шимолий Корея ядро дастури бўйича музокара ўтказишни таклиф қилмоқчи. Трампнинг айтишича, ҳозир Шимолда 57 та кучли ядро қуроли бор.
Лекин Ким Америка нимадир таклиф қилса, ядро қуролидан воз кечмаслиги аниқ. Ахир унинг даврида ядро дастурини мамлакат мавжудлигининг асосий сабаби деб кўрсатиш одатга айланди. Шимолда ҳаёт жанубдагидан кескин фарқ қилса ҳам, одамлар қорнини амаллаб тўйдирса ҳам, жамият ҳукуматга ҳеч қандай босим ўтказмайди. Шу сабаб Ким бемалол ядро дастурини ривожлантириб юраверади. Трамп ва Ким ўртасида икки сиёсатчи эмас, икки машҳур инсон учрашуви бўлади катта эҳтимол. Унда нимадир ҳал бўлишини кутмаса ҳам бўлади.
**Фёдоров сайлов ўтказишга чақирди**
Украина собиқ мудофаа вазири Михайло Фёдоров мамлакатда сайлов ўтказишга чақирди. "Украинлар қачон ўз ҳукуматини танлашини Путин ҳал қилмаслиги керак. Демократия тинчлик давридаги ҳашамат эмас, айнан биз курашаётган нарса," деди Фёдоров. Бу мурожаатдан бир неча соат аввал Зеленский Евгений Хмара номзодини Фёдоров ўрнига мудофаа вазири лавозимига тавсия қилганди.
Михайло Фёдоров Украина мудофаа вазири лавозимидан кетгач, мамлакатда президент Зеленскийга нисбатан норозилик кайфияти кучайди. Одамлар Фёдоровни вазирликка қайтаришни талаб қилиб, намойишга чиқди. Истеъфодан кейин Фёдоровнинг обрўси ошиб кетди. Ҳозир унинг рейтинги жуда баланд, ҳатто Зеленскийникидан ҳам баландлиги айтилмоқда. Сайлов ўтказилса, айнан Фёдоров Зеленскийнинг асосий рақиби бўлади.
Украина уруш сабаб президентлик сайлови ўтказмай келмоқда. Мамлакат қонунчилиги уруш даврида Олий Рада учун сайлов ўтказмаслик имконини беради, лекин президентлик сайлови борасида бундай чеклов йўқ. Шу боис Украина иттифоқчилари, хусусан, Америка ҳам кўп марта Киевни сайлов ўтказишга чақириб келади.
Зеленский уруш даврида хавфсизликни таъминлаб бўлмайди деган сабаб билан сайловга рухсат бермаяпти. Шунингдек, президент Россия босиб олган ҳудуддаги украинлар овоз беришдан четда қолиши натижалар адолатли бўлишига йўл қўймаслигини айтади.
**Махфий нефт операцияси**
АҚШ Ҳўрмуз бўғози орқали нефт танкерларининг махфий ҳаракатини йўлга қўяётган экан. Америка нашрларига кўра, бу операция океан ортидаги штабдан туриб бошқарилмоқда. Хуллас, "махфий операция" доирасида америкалик ҳарбийлар Ҳўрмузга кирадиган, у ердан чиқадиган кемалар рўйхатини тузади. Сувда ҳарбий кемалар, осмонда қирувчи самолётлар америкалик солиқ тўловчилар пулига сотиб олинган текин дизел-у керосинни ёқиб бошқа давлатлар нефт танкерларини қўриқлаб бораркан. Ўзига хос кортеж!
Бу кортеж боришда 15-20 та кемани колонна қилиб қўриқлаб боради, қайтишда яна шунча нефт ортилган танкерни қўриқлаб келади. Колонна бўлгандан кейин йўлда тўхтаб, овқатланиш йўқ, дўконга сув-пув олишга кириш йўқ, ҳамма фақат босиши керак. Ҳазил, албатта, лекин бу чиндан қизиқ жараён.
Ахир урушгача ҳамма Ҳўрмузга бемалол кириб нефт олар, бемалол чиқиб кетар, ҳеч ким қаршилик қилмас, тўлов ҳам олмасди. Хоҳлаган жойларида тўхташарди. Энди эса Ҳўрмузга Америка "махфий операцияси" доирасида кириб, нефтни олиб, бочкалар тўлар-тўлмас жуфтакни ростлаш керак! Ва бу Америка армиясининг муваффақиятли операцияси деб айтилмоқда. Жаноблар, бутун дунё эмин-эркин кириб-чиқиб юрган сувликка осмон-у денгиздан қўриқчилар ёрдамида кириб-чиқиш муваффақият эмас, муваффақияцизлик дейилади.
Мана шу фактнинг ўзи Америка қанчалик мантиқсиз урушга кириб қолгани, энди бу уруш жабрини ҳамма чекаётганини кўрсатиб турибди. Чинакам катта давлатлар бошқаларнинг муаммосини ҳал қилиши керак, янги муаммо яратиши эмас.
**Киевдаги "авария"**
Украинада Киев кўчаларидан бирида содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси кенг муҳокама қилинмоқда. БМВ Х3 ҳайдовчиси асосий йўлга нотўғри қўшилиб, қоида бўйича ҳаракатланиб келаётган БМВ Х7 нинг йўлини тўсган. Оқибатда машиналар тратуарга чиқиб, ағдарилиб кетган. Қоидабузар Украина футбол иттифоқининг 36 ёшли мулозимларидан бири бўлган. Авария содир бўлганда йўл четида, машиналар бориб урилган ресторанда одамлар бўлган.
Бу ҳодиса шунчалик шов-шув бўлиб кетдики, уруш ҳолатидаги мамлакат президенти Зеленский махсус чиқиш қилиб Хавфсизлик хизмати йўллардаги қоидабузарликлар бўйича катта йиғилиш ўтказишини маълум қилди. Украинлар мамлакат уруш ҳолатида бўлса ҳам, бундай қоидабузарликни жиддий муҳокама қилаётгани, тизимли кураш кераклигини айтиб чиқаётгани одамни ҳайрон қолдиради.
Энди вазиятга батафсилроқ тўхталсак. Қоидабузар фақат ўнгга йўл белгисига беписанд ҳаракат қилиб, тўғрига ўтмоқчи бўляпти. Яъни, нарироқдан бурилиб келишга эринган катта эҳтимол. Қоида бўйича БМВ Х3 рулидаги муттаҳам аввал автобус йўлагига ўтиши, кейинги тасмада машина бўлмаса, бурилиш чироғини ёққан ҳолда йўлнинг узуқ чизиқ бор қисмидан ўтиши, кейин ҳаракатни давом эттириши керак эди. Лекин "чиновник" экани эсга келиб, бу белгилар менга эмас, қонунга бўйсунувчи "лох"ларга тегишли, деди-да, тўғрига қараб босди.
Биласизми, мен кўчаларимизда бундай қоидабузарликларни ҳар куни кўраман. Бу бизнинг йўллар учун оддий ҳол. Ахир камераси йўқ чоррахаларда қора Гентра'лар бемалол қизилга ўтиб кетиши, туғруқхона олдидаги пиёдалар ўтиш жойида ҳомиладор аёлни уриб ўлдиришлари олдида бу нима бўлибди! Лекин бизда бунақа агрессив ҳайдовчиларга нисбатан реаксия йўқ. Қора Гентра'ни ҳамма ойнасини қорайтириб, йўл белгларига ҳам, қоидага ҳам, атрофдаги бошқа ҳайдовчилар ҳуқуқига ҳам тупуриб ҳайдаб кетаверишади.
Чунки бизда қоидага бўйсуниш қўрқоқлик деб қабул қилинади. Ўғил боламисан, бос: қизилда ўт, қарама-қарши йўналишга чиқиб ҳайда, ахир сенда машина бор! Бунақа қарашдан воз кечишимиз керак. Бизда машина олиш ҳаётда қандайдир мақсадга эришиш деб қаралади, машинани ҳеч қаерда биздай яхши кўришмайди. Бунақа бўлмаслиги керак. Машина ҳозир ҳаммада бор, кўчага қаранг, йўловчидан ҳайдовчи кўп.
Бундай ҳолатда қоидага бўйсуниш, йўл белгиларига қараб юриш икки ҳисса муҳим. Биз ҳам агрессив қоидабузарликларга, қоидабузарларга қарши тизимли курашишни ўрганишимиз керак. Ҳайдовчилар дунёқарашини нима қилиб бўлса ҳам ўзгартиришимиз шарт.

