Дунё

Эронда ўзини зўравонликдан ҳимоя қилган 24 ёшли аёл қатл этилди — ОАВ

Эрон ОАВ хабарларига кўра, 24 ёшли Марзия Наери 8-август куни Қазвин марказий қамоқхонасида қатл этилди. У эрини қасддан ўлдирганликда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган эди.

Эрон қаршилик кўрсатиш миллий кенгаши Аёллар қўмитаси инсон ҳуқуқлари фаолларига таяниб хабар беришича, олти йил аввал, 17 ёшида Марзия оиласи томонидан мажбуран турмушга берилган. Маълумотларга кўра, унинг эри Довуд икки шериги билан кўчмас мулк бизнесида ҳамкорлик қилган ва уйида тез-тез гиёҳванд моддалар ҳамда алкогол истеъмол қилган.

Беш йил аввал, октябр ойи бошида, 18 ёшли Марзия эрининг ва унинг бизнес ҳамкорининг жинсий зўравонлик қилишга уринишидан ўзини ҳимоя қилгани айтилмоқда. Наери ўзини ҳимоя қилиш мақсадида уларга ошхона пичоғи билан зарба берган, натижада унинг эри ҳалок бўлган.

Суд жараёнида Марзия эри ва унинг шериклари томонидан илгари ҳам бир неча бор жинсий зўравонлик билан таҳдид қилинганини қасам ичиб маълум қилган. У воқеа содир бўлган куни фақат ўз ор-номуси ва ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилганини таъкидлаган. Бироқ суд унинг ҳаракатларини ўзини ҳимоя қилиш деб топмади. Эрон расмий ва давлат оммавий ахборот воситалари қатл ҳақида ҳеч қандай хабар бермади.

Эрон қаршилик кўрсатиш миллий кенгашининг Аёллар қўмитаси маълумотларига кўра, Наери 2026-йил бошидан бери мамлакатда қатл этилган 20-аёл бўлди. Инсон ҳуқуқлари фаолларининг таъкидлашича, 2007-йилдан бери Эронда камида 348 нафар аёл қатл қилинган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.