Эронда фуқаролар бензин сарфини камайтиришга чақирилди

Эронлик фуқаролар бензин истеъмолини камайтиришга чақирилмоқда. Бу ҳақда 1-сентябр куни юқори мартабали мулозим маълум қилди. Мамлакат АҚШ томонидан жорий этилган денгиз блокадаси туфайли ёнилғи импортида қийинчиликларга дуч келмоқда, бу эса талабни қондиришга тўсқинлик қилмоқда. Бу ҳақда Ал Арабия хабар берди.
Парламент спикери ва бош музокарачи Муҳаммад Бағир Ғолибаф телевидение орқали қилган мурожаатида шундай деди: “Албатта, бу юқори истеъмол учун масъулиятнинг бир қисми халқимиз зиммасида эмас, балки саноатимизга боғлиқ. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам бензинни тежашимиз керак”.
Вашингтон Эроннинг Форс кўрфази нефт ва гази етказиб бериладиган муҳим йўл — Ҳормуз бўғозини ёпиб қўйганига жавобан Эронга қарши денгиз блокадасини жорий этган. АҚШ яқинда Эрон иқтисодиётини янада яккалаб қўйишга қаратилган кенг кўламли янги санксияларни ҳам эълон қилди. Айни пайтда, сўнгги кунларда Теҳрондаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида автомобилларнинг узун навбатлари кузатилди.
Эрон вице-президенти Муҳаммад Жаъфар Ғамфана ўтган ҳафтада мамлакат ичида бензин ишлаб чиқариш етарли эмаслигини таъкидлаб, “АҚШ денгиз блокадаси сабабли бензин импорт қила олмаймиз”, деган эди.
Бу баёнотдан бир неча кун олдин Эрон президенти девони раҳбари бензин квоталари қайта кўриб чиқилишини маълум қилган эди. Ғолибафнинг таъкидлашича, ёнилғини тежаш учун халқнинг ҳамжиҳатлиги ва ақл билан иш тутиши талаб этилади. “Агар ундан тўғри фойдалансак, мамлакатда ўзимиз ишлаб чиқараётган бензин миқдори билан ҳам вазиятни бошқара оламиз”, деди у.
Уруш туфайли кучайган юқори инфляция ва заифлашган иқтисодий истиқболлар кўплаб эронликларга оғирлик қилмоқда. Шу сабабли Ғолибаф субсидияларни кенгайтириш режасини ҳам эълон қилди. “Ҳукумат ва парламент электрон озиқ-овқат субсидияси дастурига ажратиладиган маблағни оширишга қарор қилди. Бу, айниқса, иқтисодий босимнинг энг катта улушини кўтараётган даромади паст қатламлар учун мўлжалланган”, деди у.
2025-йилнинг декабр ойида иқтисодий муаммолар ортидан бошланган намойишлар якунда ҳукуматга қарши кенг кўламли норозилик ҳаракатига айланиб кетган эди. Бу ҳолат январ ойида чўққисига чиқиб, кейинчалик бостирилган. Ғолибаф ўз чақириғида аҳоли фаровонлиги устувор вазифа эканини таъкидлади. “Аслида, расмийлар сифатида барча саъй-ҳаракатларимиз халққа тушаётган босимни камайтиришга қаратилиши керак. Шунда норозилик ҳам камроқ бўлади. Чунки халқнинг розилиги биз учун асосий принсипдир”, деди у.
Аввалроқ Эрон АҚШ санксияларига қарамай хорижий валюта захираси етарли эканини маълум қилганди. Мамлакат Марказий банки раҳбари валюта бозорини барқарорлаштириш учун 2 миллиард долларгача маблағ ажратишга тайёрлигини билдирган. У иқтисодий қийинчиликлар борлигини тан олган ҳолда, мамлакат молиявий тизими барбод бўлмаганини таъкидлаган.

