Эрон ва Швеция бир-бирининг дипломатларини ҳайдаб юборди

Эрон ва Швеция бир-бирининг дипломатларини мамлакатдан чиқариб юборди
Эрон швециялик дипломатга мамлакатни тарк этишни буюрди. Бунга Швециянинг Стокголмдаги Эрон элчихонаси ходимини мамлакатдан ҳайдаб юборгани сабаб бўлди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Швециянинг бу қадамини асоссиз деб атади. Вазирлик бу қарор сионистик режимнинг (Исроилнинг) таъсири остида қабул қилинганини ва Эрон элчихонаси фаолиятига тўсқинлик қилишга қаратилганини маълум қилди.
Эрон ТИВнинг Ғарбий Европа бўйича бош директори Алиризо Юсуфий Швециянинг Теҳрондаги элчисини чақиртирди. У Швециянинг Эронга қарши “террорчи” гуруҳларга мезбонлик қилаётганидан норозилик билдирди.
Ташқи ишлар вазирлиги Эрон ўз миллий ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришини таъкидлади. ИРНА агентлиги хабарига кўра, учрашувда Швеция дипломатига Эронни тарк этиш учун 48 соат вақт берилгани айтилган.
Швеция Ташқи ишлар вазирлиги 16-сентябр куни Эрон элчихонаси ходимидан мамлакатни тарк этишни сўраган эди. Бунга ушбу ходимнинг Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенсиясига зид фаолият олиб боргани сабаб қилиб кўрсатилган.
Эрон ТИВ ҳам Швециянинг халқаро ҳуқуқ, жумладан, 1961-йилдаги Вена конвенсияси бўйича мажбуриятларини эслатди. Вазирлик элчихона фаолиятига халақит бериш Швеция зиммасига халқаро масъулият юклаши ҳақида огоҳлантирди.
Швеция ташқи ишлар вазири Мария Малмер Стенергард Эрон расмийсини чиқариб юбориш қарори Швеция фуқаролари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қабул қилинганини айтди.
Швеция адлия вазири Гуннар Строммер давлат телевидениесига берган интервюсида бу қарор Эроннинг “яҳудий ва Исроил манфаатларига” қарши ҳаракатлари билан боғлиқлигини билдирди.
“Биз Эрон узоқ вақт давомида Швециядаги ва Швецияга қарши хавфсизликка таҳдид солувчи ҳаракатларни амалга ошириб келганини биламиз”, деди Строммер.
У Эрон ўз мақсадларига эришиш учун жиноий тармоқлардан фойдаланаётганини ҳам қўшимча қилди.
Лотин Америкаси давлати Ислом Республикасининг сиёсатини қоралаб, мамлакатни халқаро савдога салбий таъсир кўрсатишда айблаган.

