Эрон ва АҚШ сулҳни узайтиришга келишиб олди - ОАВ
Эрон ТИВ келишув муддати тугаганини ва Теҳрон унга амал қилиш бўйича мажбурият олмаганини билдирган бир пайтда, Ал Арабия Эрон ва АҚШ сулҳни узайтиришга келишганини хабар қилди.

Эрон ва Қўшма Штатлар сулҳ муддатини узайтиришга келишиб олди, деб хабар берди 17-август куни Ал Арабия телеканали ўз манбаларига таяниб. Бу келишув ўзаро англашув меморандумида белгиланган 60 кунлик сулҳни давом эттиришни назарда тутади.
Аввалроқ Ал Жазеера телеканали 17-августда тугайдиган, АҚШ ва Эрон ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга қаратилган англашув меморандумини узайтиришга томонларнинг ҳеч бири тайёр эмаслиги ҳақида хабар берган эди. Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ўшанда: «Биз ҳозирча АҚШ билан музокараларни қайта бошлаш ҳақида қарор қабул қилмадик», – дея маълум қилган эди.
Ал Жазеера хабарига кўра, 17-июн куни АҚШ президенти Доналд Трамп ва Эрон президенти Масъуд Пизишкиён томонидан имзоланган ушбу келишув Покистон воситачилигидаги музокаралар натижасида эришилган эди. У минглаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган ва Форс кўрфазидаги савдо фаолиятини, хусусан, нефт ва газ экспортини издан чиқарган уч ойдан ортиқ давом этган урушга чек қўйиши керак эди.
Меморандумда Эрон ва АҚШ «ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиши» ҳамда «барча жабҳаларда жанговар ҳаракатларнинг тўлиқ тўхтатилиши якуний келишувни тасдиқлаши» қайд этилган эди. Ҳужжатда якуний келишув БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланиши ва кўпи билан 60 кун ичида тузилиши кераклиги, бу муддат ўзаро келишувга биноан узайтирилиши мумкинлиги белгиланган эди.
Бироқ, Эрон ТИВ расмий вакили Исмоил Бақоий 17-август куни Вашингтоннинг қоидабузарликлари туфайли меморандум ўз кучини йўқотганини маълум қилди. Меҳр агентлиги Бақоийнинг брифингдаги сўзларидан иқтибос келтириб, «АҚШ англашув меморандумини бошиданоқ бузиб келган», – дея хабар берди.
Дипломатнинг сўзларига кўра, англашув меморандуми матнида «60 кунлик муддатни белгиловчи банд бўлмаган». Унинг тушунтиришича, ҳужжатда фақат 60 кун давомида ядровий мавзуда музокаралар ўтказиш кўзда тутилган холос. Бақоий Эрон бирор бир муддат мажбурияти остида эмас, балки ўз миллий манфаатлари ва мулоҳазаларидан келиб чиқиб қарор қабул қилишини таъкидлади.

