Эрон президенти истеъфога чиққани ҳақидаги миш-мишларни рад этди

Эрон Президенти истеъфога чиқиш ҳақидаги хабарларни инкор этди
Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён 4-август куни ўзининг лавозимидан кетиши ҳақидаги миш-мишларни рад этди. Унинг АҚШ билан зиддият кучайган бир пайтда истеъфога чиқиши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бу ҳақда Анадолу агентлиги маълум қилди.
"Агар истеъфога чиқмоқчи бўлсам, буни очиқ эълон қилардим. Мен истеъфога чиқмайман ва курашни давом эттираман", деди Пезешкиён телевидение орқали қилган мурожаатида.
Президент, шунингдек, олий раҳнамо Можтаба Хоманаий ва қуролли кучлар ўртасида келишмовчилик борлиги ҳақидаги даъволарни ҳам рад этди. У барча тузилмалар тўлиқ ҳамжиҳатликда ишлаётганини таъкидлади.
"Ҳар қандай келишмовчилик юзага келган тақдирда ҳам, қуролли кучлар Хоманаий томонида бўлишини ҳамма яхши билади", дея қўшимча қилди Пезешкиён.
Аввалроқ Эрон мухолифатчиларининг ОАВ Пезешкиён Хоманаийга бир неча бор истеъфога чиқиш бўйича ариза бергани ҳақида хабар тарқатган эди.
Эрон ва АҚШ ўртасидаги зиддият феврал ойида Вашингтон ва Исроил Теҳрон бўйлаб биргаликда ҳужум бошлаганидан кейин кучайган эди. Эрон бунга жавобан АҚШ ҳарбий обьектлари жойлашган Форс кўрфази мамлакатларига дрон ва ракеталар билан зарбалар берди.
Апрел ойида АҚШ ва Эрон ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Июн ойида эса Покистон воситачилигида ҳарбий низони якунлаш ва барқарор тинчликка эришишга қаратилган англашув меморандумини имзоланди.
Бироқ бу келишув июл ойида барбод бўлди. Икки томон деярли икки ҳафта давомида бир-бирига зарбалар берди. Шундан сўнг АҚШ президенти Доналд Трамп можарони ҳал қилиш бўйича музокаралар бошлангани сабабли бомбардимонларни кутилмаганда тўхтатди.

