“Эрон ўғилларимдан бирини ўлдирмоқчи бўлди” — Нетаняху

“Эрон ўғилларимдан бирини ўлдиришга уринди” — Нетаняху
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху 24-август куни Эрон унинг ўғилларидан бирига суиқасд уюштиришга ҳаракат қилганини маълум қилди. Бироқ, у бу уриниш қачон содир бўлгани, қайси ўғли нишонга олингани ёки режанинг қанчалик жиддий бўлгани ҳақида ҳеч қандай қўшимча маълумот бермади.
Нетаняхунинг бу даъвоси АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан бери кескинлашган вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Ушбу уруш давомида Эроннинг олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ва бошқа юқори мартабали эронлик амалдорлар ўлдирилган эди.
Нетаняху ўғлига қилинган суиқасд ҳақида Исроилнинг 14-каналига берган телефон интервюсида гапирди. Ҳукуматни қўллаб-қувватлаши билан танилган ушбу каналга у Исроил хавфсизлик хизматларидан бирининг сиёсий рақибини қўриқлашдан бош тортгани ҳақидаги хабарларга жавоб бераётган эди.
“Ўғилларимга келсак, бу ерда мутлақо ишониб бўлмайдиган нарса бор. Ҳа, Эрон менинг ўғилларимдан бирини нишонга олди. Эрон ўғилларимдан бирини ўлдиришга, суиқасд қилишга уринди”, деди Нетаняху.
“Улар ўғлимни ўлдиришга уринди, шунинг учун хавфсизлик муҳофазаси шунчаки дабдаба эмас”, дея қўшимча қилди у.
Бироқ, у режа ҳақида бошқа ҳеч қандай тафсилот бермади. Бош вазир айнан қайси ўғлини назарда тутгани дарҳол маълум бўлмади. Маълумот ўрнида, Нетаняхунинг катта ўғли Яир Маями (АҚШ)да яшайди.
Эроннинг Ню-Ёркдаги БМТ ҳузуридаги ваколатхонаси ушбу айблов бўйича изоҳ бермади. Нетаняху, шунингдек, Шин-Бет хавфсизлик хизмати раҳбари Давид Зинига бош вазирлик учун ҳар қандай номзодга тегишли хавфсизлик таъминланиши кераклигини айтганини билдирди.
Аввалроқ Яир Нетаняху исм-фамилиясини Ёнатан Ҳонга ўзгартиргани ҳақида хабар берилганди. У буни оиласи коррупсия ва уруш жиноятлари бўйича можароларга аралашиб қолган бир вақтда амалга оширган.

