Сиёсат

Эрон элчиси Самарқанднинг тарихий меросига оид баёнотлар сабаб ТИВга чақиртирилди

Эроннинг Зимбабве ва Арманистондаги элчихонаси Х тармоғида Самарқанддаги обидаларни ъерон-ислом сивилизациясиъга мансуб деб атади. Ҳолат ортидан Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси ТИВга чақиртирилиб, унга қатъий норозилик нотаси топширилди ҳамда мазкур постни ўчириш талаб қилинди.

**Эрон элчиси Самарқанднинг тарихий меросига доир баёнотлар туфайли ТИВга чақирилди**

23-октабр куни Эроннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Али Искандарий Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ва унга мамлакатнинг қатъий эътирозини билдирувчи норозилик нотаси топширилди.

Бунга Эроннинг хориждаги бир қатор дипломатик ваколатхоналари, жумладан Арманистон ва Зимбабведаги элчихоналари томонидан Х ижтимоий тармоғида жойлаштирилган материаллар сабаб бўлди. Элчихона саҳифасида Самарқанддаги Регистон майдони фонида видеога тушган АҚШ сенатори Марко Рубио ва бошқаларнинг сурати улашилиб, обидалардаги аркалар “эрон-ислом сивилизациясининг ўзига хос хусусияти” экани даъво қилинган. Ўзбекистон ТИВ бу баёнотни Самарқанднинг тарихий-маданий меросини бир томонлама ва сиёсий мақсадларда талқин қилиш деб баҳолади.

Учрашув чоғида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Ўзбекистоннинг бошқа тарихий шаҳарлари мероси кўп асрлар давомида шаклланган бой ва кўп қиррали тарихий-маданий тараққиётнинг ажралмас қисми экани таъкидланди.

Самарқанднинг тарихий-маданий қиёфаси ўзбек халқининг кўп асрлик тарихи, давлатчилик анъаналари ва маданий тараққиётини акс эттириши қайд этилди.

ТИВ вакиллари дипломатик ваколатхоналарнинг расмий ахборот ресурсларида эълон қилинадиган материаллар ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига мос бўлиши, тарихий-маданий масалаларнинг сиёсийлаштирилишига олиб келмаслиги кераклигини урғулади. Эрон томонига тегишли постларни ижтимоий тармоқлардаги саҳифалардан олиб ташлаш ҳамда келгусида бундай ҳолатлар такрорланишига йўл қўймаслик талаби қўйилди.

Хабар якунида Ўзбекистон Эрон билан ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатларни қадрлаши, шу билан бирга тарихий-маданий меросни бирёқлама талқин қилишга нисбатан принсипиал позициясини сақлаб қолиши қайд этилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.