Эрон Болгарияга кескин огоҳлантириш берди

Эрон Болгарияга нисбатан яна бир бор қаттиқ огоҳлантириш билан чиқди. Бу огоҳлантириш Болгария АҚШга ўз ҳарбий базаларидан фойдаланишга рухсат берганидан сўнг янгради. Эуроневс хабарига кўра, Софиянинг бу қарори икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг ёмонлашишига олиб келди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоийнинг баёнотида шундай дейилади: “Болгария Америка ҳаво кемаларига, хусусан, ҳавода ёнилғи қуювчи самолётларга ўз ҳарбий базаларида жойлашишга рухсат берди. Бу хавфли қарор учун масъул шахслар жавоб бериши керак”.
Теҳроннинг таъкидлашича, бу биринчи ҳолат эмас. Эрон томонининг фикрича, аввал ҳам АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий операцияларини қўллаб-қувватлаш мақсадида шунга ўхшаш чоралар кўрилган. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги икки халқ ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларни ҳам эслатиб ўтди.
Баёнотда шундай дейилган: “Болгария халқи эронликларнинг Болгария билан ҳеч қачон муаммоси бўлмаганини яхши билади. Ўн йилликлар давомида халқларимиз ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурматга асосланган”.
Бу баёнот Эроннинг Болгария ҳудудида Америка ҳарбий самолётлари борлиги бўйича берган учинчи огоҳлантиришидир. Вазиятнинг кескинлашуви АҚШ президенти Доналд Трамп Болгария бош вазири Румен Радевга авиабазада кўрсатган ёрдами учун очиқчасига миннатдорлик билдирганидан сўнг юз берди.
Трамп ўзининг Трутҳ Сосиал платформасида шундай ёзди: “Раҳмат, бош вазир Радев! Болгария Эрон таҳдидларига қарамай, Трамп ёнида турибди ва АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари базасини қўллаб-қувватламоқда”.
Юқоридаги гаплар ва баёнотлар Болгарияда хавотирни кучайтирди. Мудофаа вазири Димитар Стоянов фуқароларни хавф даражаси паст эканига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. Болгариянинг бТВ телеканалига берган интервюсида Стоянов Эроннинг Болгарияга ракеталар билан зарба бериши эҳтимолидан хавотирда эмаслигини айтди. Бироқ у “ҳар қандай ҳолат бўлиши мумкинлигини” ҳам тан олди.
Шу ҳафтада Болгария парламенти Америка самолётларини Безмер ҳарбий авиабазасига жойлаштиришни маъқуллаган эди. Бу қарор маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлди. Улар ҳудуддаги вазият кескинлашса, база нишонга айланишидан хавфсирамоқда. Аввалроқ Болгария Украинага Россия билан урушда ёрдам бераётган мамлакатларни бирлаштирган “Кўнгиллилар коалицияси” таркибидан чиққани ҳақида хабар берилганди.

