Эрон АҚШнинг Иорданиядаги ҳарбий базасига ракеталар учирди

Эрон Иорданиядаги АҚШ базасига ракеталар учирди
28-июл куни Эрон Иорданияда жойлашган АҚШ ҳарбий базасига бир нечта баллистик ракеталар йўллади. Америка Қўшма Штатлари Марказий қўмондонлиги (СЕНТСОМ) барча ракеталар тутиб олинганини маълум қилди.
Бу ҳужум Эроннинг президент Доналд Трамп 24-июл куни дипломатияга яна бир имконият бериш мақсадида зарбалар бермасликни буюрганидан кейин минтақадаги Америка базасига қилинган биринчи ракета зарбасидир. Трампнинг ушбу буйруғи икки ҳафта давом этган ҳужумлар сериясига чек қўйганди.
СЕНТСОМ маълумотларига кўра, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) кучлари шарқий вақт билан соат 17:45 да ракеталарни учирган.
“Америка қўшинлари ҳушёрликни сақлаб қолмоқда ва юқори жанговар шай ҳолатда”, дейилади СЕНТСОМ баёнотида.
27-июл куни Трамп Эрон билан “жуда чуқур музокаралар” олиб борилаётганини таъкидлаган, бироқ дипломатия муваффақияцизликка учраса, “жуда қаттиқ ҳарбий ҳаракатларга” қайтиши ҳақида огоҳлантирганди.
28-июл кунги ракета ҳужумлари Трампнинг Оқ уйда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху билан Эрон масаласини муҳокама қилишга бағишланган учрашувидан бир неча соат ўтиб содир бўлди. Оқ уй учрашувни ижобий ва самарали деб баҳолаган.
Саудия ва АҚШ Ироқдаги обьектларга биргаликда ҳужум қилди
29-июл куни АҚШ ва Саудия Арабистони Ироқдаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи гуруҳларга зарбалар берди. Ушбу гуруҳлар Саудия нефт обьектларига қилинган дрон ҳужумлари учун жавобгар экани таъкидланди. Эрон эса бундай айбловларни “катта хато” деб атаб, огоҳлантириш берди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги ва Саудия Арабистони қирувчи самолётлари 72 соат ичида 30 дан ортиқ дрон ҳужумларига жавобан Ироқ шарқидаги кўплаб логистика ва қурол-яроғ обьектларига зарба берди. Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги ҳам ушбу зарбаларда иштирок этганини тасдиқлаб, улар СЕНТСОМ билан мувофиқлаштирилганини билдирди.

