Эрон АҚШга қарши урушни 3 йилга узайтирмоқчи

Эрон АҚШга қарши урушни 3 йилга узайтириш ниятида
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) бош қўмондони маслаҳатчиси, бригада генерали Муҳаммад Ризо Нақдийнинг маълум қилишича, Эрон ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида АҚШ билан урушни Доналд Трампнинг президентлик муддати якунига қадар давом эттирмоқчи.
Нақдий шундай деди: “Душман бизга ҳужум қилишга ҳеч қачон журъат эта олмаслиги ва биз хавфсиз яшашимиз учун тийиб туришга эришишимиз зарур. Бунга эришиш йўлларидан бири – урушни кейинги президентлик муддатигача чўзишдир. Шундай талафот етказилсинки, токи кимдир Эронга ҳужум қилмоқчи бўлса, бунинг учун товон тўлаши кераклигини билсин”.
У Эроннинг савдо кемаларига қилаётган ҳужумлари денгиз ҳуқуқини бузиш эмасми, деган саволга ҳам жавоб берди: “Уруш шароитида биз хавф туғдирадиган ҳар қандай транспорт йўлагини назорат қилишимиз мумкин. Мана шу – халқаро ҳуқуқ. Дунёнинг уруш кетаётган исталган нуқтасида шу қонун амал қилади”.
Трампнинг иккинчи президентлик муддати 2025-йил январида бошланган бўлиб, у АҚШнинг кейинги президенти қасамёд келтирадиган 2029-йил 20-январда ўз лавозимини тарк этади. Бу муддат Трамп учун охиргиси бўлади, чунки АҚШ Конституциясига киритилган 22-тузатишга кўра, бир шахс икки мартадан ортиқ президентлик лавозимини эгаллай олмайди. Трамп 2016 ва 2024-йиллардаги сайловларда аллақачон ғалаба қозонган эди.
АҚШ 28-феврал куни Исроил билан биргаликда Эронга қарши ҳарбий операция бошлаган эди. Бунга жавобан Теҳрон Исроил, АҚШ базалари ва Яқин Шарқдаги нефт инфратузилмасига ракета ва дронлар билан зарба берди. Бундан ташқари, Эрон Ҳормуз бўғозини ёпиб қўйди.
18-июн куни АҚШ ва Эрон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва музокараларнинг янги босқичини бошлашни таъминлайдиган вақтинчалик англашув меморандумини имзолади. Бироқ орадан бир неча кун ўтгач, АҚШ раҳбарияти Эронни ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айблади. Теҳрон ҳам қарши томонга шундай айбловлар қўйди. Август ойида Трамп келишув туфайли Эронга янги зарбалар беришдан воз кечганини айтди.

