Эркак Сардиниядаги ғорда 26 соат қолиб кетганидан кейин қутқариб олинди
31 ёшли ғор мутахассиси 100 дан ортиқ фавқулодда хизмат ходимлари уни озод қилиш учун иш олиб борганидан сўнг, ер остида 32 фуг чуқурликда тирик ҳолда топилди.

Сардиниядаги ғорда 26 соат қолиб кетган эркак қутқарилди
Италиянинг Сардиния оролидаги ғорда тош кўчишидан сўнг ер остида тахминан 10 метр (32 футь) чуқурликда 26 соатга яқин қолиб кетган эркак қутқарилди.
ANSA маҳаллий янгиликлар агентлигининг хабар беришича, 31 ёшли Лука Олметто якшанба куни Италия оролидаги Урзулей шаҳарчасида жойлашган Горропедду ғорида қисилиб қолган.
Алп ва спелеология тоғ-қутқарув миллий хизматининг маълум қилишича, 100 дан ортиқ фавқулодда вазиятлар ходимлари иштирокида 24 соатдан ортиқ давом этган синчковлик билан олиб борилган йирик қутқарув амалиётидан сўнг, Олметто душанба куни тушдан кейин соғ-омон топилди ва олиб чиқилди.
Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, ғорларни ўрганувчи Олметто қўшимча тиббий кўрик ва даволаниш учун вертолётда шифохонага етказилган.
У Сардиниянинг марказий-шарқий қисмидаги тоғ тизмаси бўйлаб жойлашган ғорни тадқиқ қилаётган вақтда, якшанба куни тушдан кейин тўсатдан тош кўчиши юз берган.
Шундан сўнг Алп ва спелеология тоғ-қутқарув миллий хизмати ҳамда маҳаллий ўт ўчириш бўлими раҳбарлигида қутқарув амалиёти бошланди.
Алп ва спелеология тоғ-қутқарув миллий хизмати ижтимоий тармоқларда гуруҳнинг "ниҳоятда тоб-тор" майдонларда ишлаётгани акс этган фотосуратлар билан бирга эълон қилган баёнотида бу "айниқса мураккаб амалиёт" бўлганини билдирди.
Баёнотда айтилишича, ғор ғовагига етиб бориш учун вайроналар эҳтиёткорлик билан қўлда тозалангач, эркак юзага олиб чиқилган.
Шундан сўнг спелеологнинг аҳволи барқарорлаштирилган ва вертолётда шифохонага олиб кетилган, дейилади хабарда.
Олметто туғилиб ўсган Сардиниянинг шимоли-ғарбидаги Кодронжианос шаҳарчаси кенгаши ижтимоий тармоқдаги постида шундай деди: "Бутун Кодронжианос кутган хушхабар бир неча соатлик катта хавотирлардан сўнг ниҳоят келди: Лука ғордан чиқди!
"Бутун жамият қутқарув амалиётларини ҳаяжон билан кузатиб борган қийин соатлар бўлди", деб давом этади пост.
Кодронжианос кенгаши "унга етиб бориш учун тиним билмай меҳнат қилган" қутқарувчиларга миннатдорчилик билдирди.

