“Энг кўп мурожаат болалар нафақасига оид бўлмоқда ” — Президент халқ қабулхонаси раҳбари

**Президент Халқ қабулхонаси раҳбари: "Энг кўп мурожаатлар болалар нафақасига оид"**
2026-йилнинг бошидан буён Ўзбекистон аҳолиси Президент Халқ қабулхонасига жами 557 254 марта мурожаат қилган. Бу ҳақда 13-август куни Тошкент вилоятида ўтказилган медиа-турда Президент Халқ қабулхонаси раҳбари Фаррух Омонов маълум қилди.
"Дарё" мухбирининг хабар беришича, журналистлар дастлаб вилоятда янги қурилган Халқ қабулхонаси биноси фаолияти билан танишишган. Улар аҳоли ва давлат органлари ходимлари учун яратилган замонавий шароитларни кўздан кечиришган. Медиа-тур давомида Фаррух Омонов кўплаб саволларга жавоб берган.
**Болалар нафақаси тайинлаш бўйича шикоятлар етакчи**
Мулоқот чоғида мурожаатлар соҳалар бўйича таҳлил қилинди. Жорий йилнинг ўтган даврида қабулхонага энг кўп мурожаатлар ҳуқуқ-тартибот соҳасига оид бўлган – 126 692 та. Уларнинг катта қисмини алимент ундириш масаласи (36 806 та) ташкил этган.
Кейинги ўринларда ижтимоий ҳимоя ва уй-жой таъминоти соҳаларига оид мурожаатлар (113 897 та) жойлашган. Айнан нафақа тайинлаш, моддий ёрдам ва пенсия бўйича шикоятлар 87 252 тани ташкил этган.
"Энг кўп мурожаатлар ижтимоий ҳимоя масаласида бўлмоқда. Бунинг ичида 18 ёшгача болаларга нафақа тайинлашга оид 48 778 та мурожаат келган. Мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 38 фоизга ошган", – деди қабулхона раҳбари.
Мурожаатларнинг учинчи йирик тармоғи газ, электр, ичимлик суви, иссиқлик таъминоти ва оқава сув масалаларига оид бўлган (74 823 та).
**Пойтахтдан мурожаатлар улуши юқори**
Йил бошидан буён қабулхонага энг кўп мурожаат Тошкент шаҳридан тушган – 74 592 та. Шикоятларнинг кейинги йирик улушлари Қашқадарё (60 580 та), Сурхондарё (55 402 та), Тошкент (50 937) ва Самарқанд (50 476 та) вилоятлари аҳолисидан бўлган. Энг кам мурожаатлар Сирдарё вилоятида қайд этилган – 20 432 та.
"Фуқароларнинг Халқ қабулхонасига келиб, мурожаат қилишлари сони борган сари камаймоқда. Яъни фуқаролар онлайн форматни кўпроқ қабул қиляпти. Таҳлилларга кўра, бинога келадиганлар улуши кунлик мурожаатларнинг 10 фоизига ҳам етмайди. Қолган 90 фоиз мурожаат онлайн форматда бўлмоқда", – деди Фаррух Омонов.
**Мансабдорлар устидан шикоятлар камайган**
Фаррух Омоновнинг сўзларига кўра, 2026-йилнинг ўтган даврида Президент Халқ қабулхонасига давлат хизматчилари фаолияти ва хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ 29 мингта мурожаат келган. Бу ўтган йилгидан 36 фоизга камайган.
"Давлат идоралари ходимларининг фаолиятидан норозилик 36 фоизга камайди. Бироқ энг кўп шикоятлар маҳалла раислари, МИБ, солиқ, соғлиқни сақлаш, профилактика инспектори, ички ишлар органлари, банк ва таълим соҳаси ходимлари устидан бўлмоқда", – деди қабулхона раҳбари.
Фаррух Омонов тасдиқланган шикоятлар асосида раҳбар ходимларга қандай чоралар кўрилганига ҳам тўхталди.
"Бу ерда қонун бузилиш ҳолати борми, йўқми, фуқаронинг мурожаати ўринлими, ўринсизми, бунга баҳо берилади. Чунки фуқаро мурожаат қилгани ҳамма масалада ҳақ дегани эмас. Мисол учун, бола нафақасини сўради. Лекин унинг номида мулк ёки даромади борлиги учун нафақа тайинлаш рад қилинди. Ўша ҳолатда фуқаро ижтимоий ҳимоя ходими устидан шикоят қилади. Агар ходим ўрнатилган тартибда тўғри жавоб берган бўлса, фуқаро мурожаати рад қилинади. Лекин айрим ҳолатларда давлат ходимлари фуқаро билан қўпол гаплашади ёки муомала маданиятига риоя қилмайди. Шунга ўхшаш ҳолатлар аниқланганда интизомий жавобгарлик ҳолати қўлланади. Ўтган етти ой давомида уч мингдан ортиқ интизомий ва умуман жавобгарлик турлари белгиланган. Бунинг ичида маъмурий жавобгарликка тортилганлари ҳам, интизомий жавобгарликка тортилганлари ҳам бор. Ёки малака даражаси, лавозими пасайтирилганлар ва лавозимидан озод этилиш ҳолатларигача жавобгарлик чоралари қўлланган. Бу доимий бўладиган жараён. Лекин тенденсия ижобий томонга кетмоқда. Мурожаатлар билан ишлаш нуқтайи назардан давлат идоралари ходимларининг хатти-ҳаракатлари бўйича мурожаатлар сони чоракдан чоракка камайиб боряпти", – деди қабулхона раҳбари.
**Қабулхонада диагностика маркази**
Тошкент вилоятида янги қурилган Халқ қабулхонаси биносида аҳоли учун қатор қулайликлар яратилган. Кираверишда сунъий интеллект асосида яратилган қурилма фуқароларни қизиқтирган саволларга жавоб бера олади.
Ичкарида офлайн ва онлайн мурожаат қилиш имкони мавжуд. Ҳар ҳафта вилоят ҳокими ва бошқа соҳалар бошқармалари раҳбарлари иштирокида халқ қабули ўтказилиши айтилди.
"Тошкент вилояти Халқ қабулхонасида илк марта Диагностика марказини ташкил этдик. Жорий йилнинг дастлабки олти ойида фуқароларимиз томонидан юборилган мурожаатлар таҳлил қилинганда, қарийб 85 фоизи 15 та ташкилотга тааллуқли экани аниқланди. Кейин айнан ўша ташкилотларнинг масъул ходимлари янги марказимизга жалб қилинди. Масалан, ижтимоий ҳимоя, кадастр, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқалар. Улар ўз йўналишидаги муаммоларни ўрганиб, таҳлил қилади. Кейин муаммонинг ечимига, яъни моҳиятига қаратилган ишлар ташкил этилади", – дейди қабулхона мудирининг ўринбосари Насиба Кулбекова.
Насиба Кулбекова 2026-йил январ—июн ойларида Тошкент вилоятида Президент виртуал қабулхонасига мурожаатлар сони 2025-йил мос даврига нисбатан 6 фоиздан зиёдга камайганини айтди. Бу Диагностика марказида муаммолар таҳлил қилиниб, ўз вақтида ечилаётгани билан изоҳланди.

