Электрон рухсатномасиз машинани жарима майдончасидан чиқариш тақиқланади
Тошкентда ушланган транспортни жарима майдончасидан чиқариш фақат электрон рухсатнома асосида амалга оширилади

Электрон рухсатномасиз машинани жарима майдончасидан олиб чиқиш мумкин эмас
Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 22-сентябрдаги 508-сон қарори билан Тошкент шаҳрида қонунчилик ҳужжатлари бузилгани учун ушланган транспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, ваколатли давлат органи транспортни жарима майдончасига жойлаштириш ҳақида қарор чиқарганида, бу ҳақда «Жарима майдончаси» модули орқали тегишли давлат органлари ҳамда хизмат кўрсатувчи юридик шахсларга хабар юборилади.
Транспортни бошқаришдан четлаштириш назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилганда, транспорт воситаси жарима майдончасига фақат махсус техника, жумладан, эвакуатор ёки манипулятор ёрдамида олиб келиниши мумкин.
Ушланган транспорт воситасини сақлаб туришга асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгач, уни жарима майдончасидан чиқаришга «Жарима майдончаси» модули орқали рухсат берилади.
Рухсатнома маъмурий ишни кўриб чиқувчи органнинг мансабдор шахси томонидан айнан шу модул орқали расмийлаштирилади. Ҳужжат ҚР-код билан тасдиқланади.
Расмийлаштирилган электрон рухсатнома транспорт воситаси ҳайдовчиси ҳамда сақлаб туриш хизматини кўрсатувчи юридик шахсга «Жарима майдончаси» модули орқали бир иш куни ичида юборилади. Шунингдек, ҳайдовчининг телефон рақамига СМС хабар ҳам жўнатилади.
Янги тартибда электрон тизимдан ташқарида расмийлаштирилган рухсатномаларга алоҳида чеклов қўйилган. Жумладан, «Жарима майдончаси» модули орқали расмийлаштирилмаган рухсатнома асосида ушланган транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб юбориш тақиқланади.
Шу тариқа, транспортни сақлашга асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгандан кейин ҳам уни чиқариш жараёни электрон тизимда расмийлаштирилган рухсатнома асосида амалга оширилиши шарт.
Низом Тошкент шаҳрида қонунчилик бузилиши сабаб ушланган транспорт воситаларини вақтинча сақлаш, уларни жойлаштириш ва чиқариш жараёнларини ягона тартиб асосида амалга оширишни белгилайди.

