Электрни бевосита ишлаб чиқарувчидан кимлар сотиб олади?
Ўзбекистонда йирик истеъмолчилар мустақил электр энергияси ишлаб чиқарувчилардан токни ўзаро келишилган нархда харид қилиши тартиби белгиланди. Кичик ва микроелектр стансиялари ҳам ўз ҳудудидаги маиший бўлмаган истеъмолчиларга бевосита электр сотиши мумкин. Янги бозор қоидалари 2027-йил 1-январдан кучга киради.

Электрни бевосита ишлаб чиқарувчидан кимлар харид қилади?
Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 30-сентабрдаги 527-сон қарори билан электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори тамойилларига ўтишнинг биринчи — «Икки томонлама шартномалар асосидаги харидлар» босқичи учун қоидалар тасдиқланди.
Мазкур ҳужжат электр энергиясини сотиш ва харид қилиш, уни узатиш ҳамда тақсимлаш хизматлари, шунингдек бозор иштирокчилари ўртасидаги ҳисоб-китобларни тартибга солади.
Қоидаларга мувофиқ, улгуржи бозорда йирик истеъмолчилар мустақил ишлаб чиқарувчилар билан икки томонлама шартнома тузиб, электр энергиясини келишилган нархда сотиб олиши мумкин. Электрни тармоқ орқали узатиш ва тақсимлаш хизмати учун ҳақни қайси томон тўлаши шартномада белгиланади.
Йирик истеъмолчи сифатида 6 киловолт ва ундан юқори кучланишли тармоққа уланган, йиллик электр истеъмоли камида 10 миллион киловатт-соат бўлган истеъмолчилар белгиланган.
Аммо бюджет ташкилотлари, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, давлат бюджетидан молиялаштириладиган сув таъминоти ва сув насос стансиялари, фермер хўжаликлари ҳамда мобил алоқа операторлари бу тоифага киритилмаган.
Чакана бозорда эса қуввати 5 мегаваттгача бўлган микро ва кичик электр стансиялари ўз ҳудудидаги тақсимлаш тармоғига уланган истеъмолчиларга электрни ўзаро келишилган нархда сотиши мумкин. Бу ерда ҳудуд деганда Қорақалпоғистон Республикаси, тегишли вилоят ёки Тошкент шаҳри назарда тутилади. Ушбу имконият маиший истеъмолчиларга татбиқ этилмайди.
Маиший истеъмолчилар электр энергиясини тайинланган таъминотчидан тартибга солинадиган тариф асосида олади. Ҳужжатда аҳоли учун янги тариф миқдорлари белгиланмаган.
Икки томонлама шартномалар бир йилдан ортиқ амал қилмайди. Электр ҳажмлари ҳар бир соат кесимида режалаштирилади ва ҳисоб-китоб қилинади. Шартномада электр миқдори, нархи ёки уни аниқлаш формуласи, тўлов шартлари, тармоқ хизматлари харажатлари ҳамда зарарни қоплаш тартиби кўрсатилиши керак.
Йирик истеъмолчи бир нечта мустақил ишлаб чиқарувчи билан шартнома тузиши мумкин. Маиший бўлмаган истеъмолчилар ҳам бир нечта микро ва кичик электр стансиясидан энергия харид қилиш ҳуқуқига эга.
Шартномалар бозор оператори томонидан рўйхатдан ўтказилади ва рўйхатга олинган заҳоти кучга киради.

