Электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари фош этилди
Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб, жами 2,4 млрд сўмдан ортиқ электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувлар натижасида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ бир қатор ҳолатлар аниқланди.
Хусусан, Сирдарё туманида С.У. фермер хўжалиги масъул шахслари "Синдоробод" ва "Халқобод" СИУ ҳудудларидаги ер майдонларида жойлашган сув насосларини тижорат мақсадида электр тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри улаган. Бу ҳаракатлар натижасида 1,1 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилганлиги маълум бўлди.
Давлатобод туманида эса С.Г. МЧЖ раҳбари савдо комплексида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри уланиб, 558,6 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Шунингдек, Олмазор туманида Г.Б. МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар Беруний кўчасидаги кўп қаватли уйларда умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан уланган. Ушбу ноқонуний фойдаланиш натижасида 272,6 миллион сўмлик электр энергияси сарфланган.
Ўзбекистон туманида "Т.М." фермер хўжалиги масъул шахслари сув насосини электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб, 217,8 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланди.
Учқўрғон туманида фуқаро И.Н. балиқчилик хўжалигида электр тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри уланиб, 112 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Хўжайли туманида "П.М." МЧЖ масъул шахслари ғишт ишлаб чиқариш заводида электр тармоғига тижорат мақсадида ноқонуний уланиб, 103,6 миллион сўмлик электр энергиясидан фойдалангани аниқланди.
Наманган шаҳрида эса фуқаро M.Yu. "Шодлик" МФЙ ҳудудидаги хонадонида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри уланган. Ушбу ҳолатда 100,1 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган еттита ҳолатда ноқонуний фойдаланилган электр энергиясининг умумий қиймати 2 миллиард 464,7 миллион сўмни ташкил этади.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

