Элдор Шомуродов фаолиятини АҚШ чемпионатида давом эттириши мумкин — инсайдер

Элдор Шомуродов фаолиятини АҚШ чемпионатида давом эттириши мумкинлиги ҳақида инсайдер хабар берди.
Ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовга АҚШнинг МЛС чемпионатида иштирок этувчи “Сент-Луис Сити” клуби қизиқиш билдирмоқда. Ҳозирда Туркиянинг “Башакшеҳир” жамоасида тўп сураётган Шомуродовни ўз сафига қўшиб олиш истаги борлиги ҳақида спорт журналисти Оғуз Оруч маълум қилди.
Манбанинг хабарига кўра, МЛС клуби 31 ёшли ҳужумчининг трансферини амалга ошириш бўйича музокараларни бошлаб юборган.
Эслатиб ўтамиз, Шомуродов ўтган мавсум Туркия Суперлигасида 34 та ўйинда майдонга тушиб, 22 та гол урган ва 4 та голли узатмани амалга оширган. Футболчининг “Башакшеҳир” билан амалдаги шартномаси 2028-йилнинг июнигача мўлжалланган. Шунингдек, у Ўзбекистон терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади. Шомуродов илгари Италиянинг “Женоа”, “Рома”, “Специя” ва “Каляри” каби машҳур клубларида ҳам ўйнаган.
Маълумот учун, “Сент-Луис Сити” клуби 2019-йилда ташкил этилган бўлиб, МЛСдаги фаолиятини 2023-йилдан бошлаган. Жамоа АҚШнинг Миссури штати, Сент-Луис шаҳрида жойлашган. Клуб ўз уй учрашувларини “Энергизер Парк” (СитйПарк номи билан ҳам танилган) стадионида ўтказади.

