Эл-Нино кучаймоқда: Ўзбекистонда октабр ва кейинги 2 ой қандай кечиши кутиляпти? Газета прогнози
Октабрда Ўзбекистон бўйлаб илиқ ва салқин кунлар алмашиб турса ҳам, ҳарорат меъёр атрофида бўлиши, бироқ нам ҳаво оқимлари сабабли ёғингарчилик меъёрдан кўп тушиши кутилмоқда. Тинч океанидаги кучли Эл-Нино ҳодисаси куз ва қиш бошининг серёғин ҳамда нисбатан илиқ ўтишини таъминлаши мумкин.

Эл-Нино кучаймоқда: Ўзбекистонда октабр ва кейинги 2 ой қандай кечиши кутилмоқда? Газета прогнози
Тинч океанининг экваториал ҳудудида Эл-Нино, яъни сувнинг кескин исиши тез суръатларда кучайиб бормоқда. Сентабрнинг охирги кунларида айнан Тинч океанининг марказий катта қисмида ўртача сув ҳарорати кўп йиллик иқлимий меъёрдан 3 даражадан юқорига кўтарилди. Бу кўрсаткич жуда кучли Эл-Нино таснифига жуда мос келади. Сўнгги 150 йил ичида океаннинг айни шу қисмида сув ҳарорати бу йилгидек эрта ва бунчалик юқори даражада исимаганди.
Жаҳон метеорологик ташкилоти баҳосига кўра, Эл-Нинонинг 2026-йил кузида ва қишида жуда кучли ҳодисага айланиш эҳтимоли 100 фоизга тенг. Бундай жараён узоқ йиллардан бери кузатилмагани учун уни супер Эл-Нино деб аташ мумкин.
Жаҳон метеорологик ташкилотининг 3-сентабрда эълон қилинган глобал мавсумий прогнозига кўра, сентабр-ноябр ойларида кучли Эл-Нинонинг янада фаоллашиши, дунёнинг катта қисмида ҳароратнинг меъёрдан анча юқори бўлиши ҳамда Ҳинд океанида мусбат дипол шаклланиши кутилмоқда.
“Кучли Эл-Нино Ўзбекистонда намгарчилик ва ҳарорат режимининг меъёрдан оғиш эҳтимолига таъсир қилувчи йирик иқлимий омиллардан бири ҳисобланади.
“Ўзбекистон об-ҳавосига Эл-Нино ва Ла-Ниня жараёнларининг эҳтимолий таъсирини баҳолаш” мавзусидаги диссертация ишида бу ҳақда тўлиқ маълумотлар қолдирилган.
Тадқиқотчи 1963-йилдан буён дунёда кузатилган жуда кучли Эл-Нинолар Ўзбекистонда куз-қиш-баҳор мавсумларини нисбатан илиқ ва серёғинроқ қилган бўлиши мумкинлигини қайд этади. Тадқиқотга кўра, жуда кучли Эл-Нино кузатилган йилларда Ўзбекистондаги 50 та метеостансиянинг 80 фоизидан ортиғида ёғингарчилик меъёрдан юқори бўлган. Қишда эса ҳарорат ҳудуд учун мос меъёрлардан Термизда +1,8…+3,5°С, Тошкентда +2…+4,5°С, Андижонда +1…+2,5°С юқори қайд этилган.
Энг кучли аномалиялар асосан январ-феврал ойларида кузатилган. Жуда кучли эпизодлар: 1982−1983-йилларда Нукусда қишки ҳарорат аномалияси +3,3…+4,9°С гача етгани, 1997−1998-йилларда +2,0…+3,5°С, 2015−2016-йилларда +1,5…+2,5°С бўлгани, 2023−2024-йилларда эса асосан куз-қишда +1…+2°С атрофида бўлгани кўрсатилган.
Жаҳон метеорологик ташкилоти ҳам одатда Тинч океани марказидаги сув ҳароратининг исиши ва совиши ҳодисаларидан келиб чиқиб, узоқ муддатли прогнозларни тақдим этади. Қуйида Жаҳон метеорологик ташкилотининг прогнозида 2026-йилнинг сентабр, октабр ва ноябр ойларида Ўзбекистонда мавсумий ҳароратнинг кўп йиллик иқлимий меъёрдан анча юқори бўлиши, ёғингарчилик бўйича эса мавсумий ёғинлар меъёрдан юқорироқ тушиши келтирилган.
Турли халқаро об-ҳаво марказлари, қўшни мамлакатлар об-ҳаво бюролари ҳамда бошқа аломатлар асосида Ўзбекистонда октабр-ноябр ҳамда қишнинг биринчи ойи декабрда ойлик ҳаво ҳарорати ва ёғингарчиликнинг кўп йиллик меъёрдан четлашиши хариталарини тақдим этамиз.
Октабр — Ўзбекистонда ёздан кузга ўтиш яққол сезиладиган ой. Ҳарорат сентабрга нисбатан 6−9 даражагача паст бўлади: кундузлари одатда +10…+28°С, тунлари эса +2…+17°С оралиғида кузатилади. Ойнинг иккинчи ярмида биринчи кузги совуқлар кузатилиши мумкин. Ёғингарчилик сентабрга нисбатан кўпайиб, аксар ҳудудларда ойига 4−6 кун ёмғир ёғади. Бироқ октабр об-ҳавоси ўзгарувчан: айрим йиллари серёғин, айрим йиллари эса жуда қуруқ келади. Масалан, 2020 ва 2025-йил октабри жуда ҳам қуруқ ўтган.
Ўзгидромет октабр учун тақдим этган маслаҳатомуз об-ҳаво прогнозида жорий ой ҳарорати ва ёғингарчилигининг кўп йиллик ойлик меъёрга нисбатан қандай оғиши мумкинлиги ҳақида маълумот берди. Республика бўйлаб октабрда асосий қишлоқ хўжалиги экин майдонлари жойлашган ҳудудларда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати +10 даражадан +19 даражагача бўлиши мумкинлиги, ёғингарчилик бўйича эса республикада ой давомида 4 мм дан 24 мм гача ёғин тушиши мумкинлиги англашилган.
Шундай қилиб, республиканинг катта қисмида октабр ёғинлар бўйича кўп йиллик меъёрга яқин ёки намгарчил кечиши, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда эса меъёрдан кам ёғин тушиши келтирилган. Прогноз харитасида ҳар бир ҳудуд учун ўртача ойлик ёғин қийматлари рақамлар кўринишида берилган. Кузатувчилар шу каби қийматлардан келиб чиқиб, ҳудудларда қанча ёғин ёғиб ўтиши мумкинлигини тахмин қилишлари мумкин.
Ой давомида кўплаб ҳудудларга уч ёки тўртта, айрим ҳудудларда беш ёки олтитагача нам ҳаво оқимидан ёғинлар кузатилиши эҳтимоли юқори. Тоғ ва ҳатто тоғ этакларига яқин аҳоли яшаш пунктларида ойнинг иккинчи ярмида, эҳтимол, қор ёғиши мумкин. Демак, ой давомида кўп ёғингарчиликка гувоҳ бўламиз.
Жаҳон метеорологик ташкилоти ҳам октабрда минтақа учун ойлик ёғингарчилик меъёрдан анча юқори бўлиши мумкинлигини билдирган.
Ҳарорат бўйича эса ой давомида ўртача ойлик ҳарорат меъёр атрофида, фақат Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг катта қисмида, Бухоро вилояти ҳудудларида меъёрдан бироз юқори ҳарорат кузатилиши ойдинлашган.
2−4-октабр кунлари республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, ҳарорат кўтарилади. 4-октабрдан шимоли-ғарбий ҳудудларга совуқ ҳаво кириб келиб, 5−7-октабрда республика бўйлаб тарқалади.
Ой давомида илиқ ва салқин даврлар тез-тез алмашиб туради. Илиқ кунларда ҳарорат кечаси +10…+13°С, кундузи +25…+28°С гача кўтарилади. Совуқ ҳаво кирган пайтда эса кечаси +3…+8°С, кундузи +15…+20°С гача пасаяди. Шимолда ҳарорат кечаси 0…−2°С, кундузи +10…+15°С бўлиши мумкин.
Ноябр ҳамда декабр ойи прогнозларини тузишда фақат Эл Нино ҳодисаси билан чекланиб қолмасдан, бошқа аломатларга ҳам эътибор бериш керак. Масалан, ёғинларни олиб келувчи Атлантикадаги атмосфера сиркуляцияси ҳам жуда муҳим. Ушбу аломат айни кунларда бизнинг минтақага намлик олиб кирувчи позицияда турибди. Унинг таъсири октабр ўрталаригача Ўзбекистонга бир нечта нам ҳаво оқимлари кириб келишини таъминлайди.
Минтақада қиш-баҳор мавсумидаги ёғин қувватини белгиловчи яна бир омил Ҳинд океани шимолидаги сувнинг исиб ёки совиб боришидир, у билан боғлиқ Ҳинд океани диполи мусбат фазада бўлиб турибди. У келаётган уч ойликда, яъни куз ва қиш бошида ҳам кучли исиш томон ўзгариб, эҳтимол, минтақамиз учун намликнинг кучли шаклланишида асосий минтақавий атмосфера сиркуляциясига таъсир қилиши мумкин бўлган қўшимча иқлимий омиллардан бири бўлиб қолади.
Октабрда ҳаво ҳароратининг аномал даражада кескин совиб кетиши билан боғлиқ кутилмалар ҳозирча йўқ. Аммо ноябр ва декабрда қисқа муддатли бўлса ҳам шимолдан совуқ оқимлар кириб келиши инкор этилмайди.
Ўзгидромет ноябр ҳамда декабр учун маслаҳатомуз прогноз тақдим этмаган. Аммо сўнгги пайтларда минтақада об-ҳаво прогнозлари соҳасида анча илғор ишлаб келаётган Афғонистон метеорология департаменти октабр, ноябр ҳамда декабр ойлари учун умумий 3 ойлик мавсумий ҳарорат ва мавсумий ёғиннинг меъёрдан қандай оғиши мумкинлиги ҳақидаги прогнозни ўз расмий саҳифасига жойлаган. Унга кўра, келаётган 3 ойликда Афғонистоннинг катта қисмида мавсумий ёғингарчилик меъёрдан кўп тушиши, мавсумий ҳарорат ҳам меъёрдан бироз юқори, яъни илиқ бўлиши кўрсатиб ўтилган.
Афғонистон прогнози Сурхондарё учун прокси-индикатор сифатида ишлатилиши мумкин, аммо уни Сурхондарё прогнози сифатида талқин қилиб бўлмайди.
Ноябрда ҳам республиканинг катта қисмида ёғингарчилик кўп йиллик иқлимий меъёрдан юқори, яъни намгарчил, ҳарорат бўйича эса ойлик ҳарорат кўп йиллик меъёр атрофида ва ундан юқори бўлиши тахмин қилинмоқда. Ой учун шимолдан кириб келувчи совуқ ҳаво оқимларининг барвақтроқ кириб келиши ва тўсатдан кўп аҳоли истиқомат қилувчи шаҳарларда ҳам илк қор ёғиш ҳодисалари кузатилиши эҳтимоли юқори. Бу каби ҳолат ойнинг совуқ келишини англатмайди. Аксинча, ноябрда октабр каби иссиқ кунлар кўпроқ ва давомли кузатилади. Ушбу ойда ҳам Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида меъёрий ёғинлар кутилса, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилояти ҳудудларида меъёрдан анча кўп ёғингарчилик бўлиши ойдинлашмоқда.
Минтақада декабр ойи ҳам ноябр каби ҳарорат режимида бироз юқори ҳарорат фонида ўтиши, ёғингарчилик бўйича эса кўплаб ҳудудларда меъёрдан кўп ёғингарчилик бўлиши келтириб ўтилган. Декабр ойида жануб томондан жанубий сиклонларнинг кўпроқ чиқиб келиши эҳтимоли юқори. Яъни шимол ҳудудларидан ташқари юқори намгарчилик республиканинг барча вилоятларига хос бўлиши кутилмоқда.
Такрор бўлса-да, шуни яна бир бор алоҳида таъкидлаш жоизки, узоқ муддатли, хусусан, ойлик ва мавсумий об-ҳаво прогнозларининг ўзини оқлаш даражаси анча паст. Куз-қиш мавсумида ҳар бир ой учун 60−70 фоиздан юқори аниқликда прогноз бера оладиган усуллар ҳозирча мавжуд эмас.

