Дунё

«Эл-Чапо» – икки марта қамоқдан қочган тутқич бермас наркобарон

АҚШдаги қаттиқ қўриқланадиган қамоқхоналарнинг бирида машҳурликда Пабло Эскобардан қолишмайдиган наркобарон сақланмоқда. «Эл-Чапо» лақабли бу жиноятчи Мексикадаги йирик наркокартелга раҳбарлик қилган. У асос солган тўда ҳамон фаолият кўрсатмоқда ва дунё бўйлаб гиёҳванд моддалар тарқатишда давом этяпти. Тўдабоши эса даҳшатли Алкатрасда.

«Эл-Чапо» – икки марта қамоқдан қочган, қўлга тушмас наркобарон

Ҳар йили АҚШга катта миқдорда гиёҳванд моддалар кириб келади, чунки уларга талаб юқори. Наркотиклар асосан Колумбия ва бошқа Жанубий Америка давлатларида тайёрланиб, Кариб ҳавзаси ва Марказий Америка орқали турли йўллар билан АҚШга олиб кирилади. Бу логистика занжирининг энг муҳим бўғини – Мексика картеллари. Бизнинг «қаҳрамонимиз» Хоакин Гусман ана шундай наркокартеллардан бири – «Синалоа»га асос солган.

Гиёҳванд моддалар орасида улғайган бола

Хоакин Гусман 1957-йилда Мексиканинг Синалоа штатида қашшоқ қишлоқ оиласида туғилган. Оиласи апелсин сотиб кун кечирган, бўлажак картел раҳбари катталарга ёрдамчи бўлган. Хоакиннинг отаси маҳаллий наркокартел аъзоси бўлиб, гиёҳванд моддалар етиштириш ва сотиш билан ҳам шуғулланган. Кўп ўтмай, ота Хоакинни «ота касбини давом эттирсин» дея опий ва каннабис етиштиришга жалб қилади. Шу-шу бола ёшлигидан гиёҳванд моддалар ичида катта бўлади.

1980-йилларда Хоакин Мексика наркобаронларининг «чўқинтирган отаси» Мигел Галярдонинг «Гвадалахара» картелига қўшилади. Аввалига оддий югурдак бўлади, кейинроқ ишончга киргач, Колумбияда тайёрланган наркотикни Мексика орқали АҚШга ташишдек «масъулиятли ишга» бощилик қилади.

Наркокартел раҳбари

1989-йилда «Гвадалахара» картели раҳбари Мигел Галярдо ҳибсга олиниб, тўда бир нечта мустақил гуруҳга бўлиниб кетади. Вазиятдан фойдаланган Хоакин шериклари ва қўл остидаги йигитлар билан «Синалоа» картелига асос солади. Тўдабоши Хоакин Гусман «Эл-Чапо», яъни пакана лақабини олади, чунки унинг бўйи 168 см эди.

1990-йилларда «Синалоа» картели фаолиятини кенгайтиради. «Эл-Чапо» топқирлиги эвазига гиёҳванд моддалар тарқатиш индустриясига бир қатор янгиликлар олиб киради. Мексика ва АҚШ чегараси остида электрлаштирилган, вентиляция тизимига эга ва релсли махфий ерости йўлаклари қуради. Колумбияда тайёрланган кокаин, героин, метаамфетамин ва марихуанани чегарадан ўтказиш учун сувости кемалар, самолётлар, поездлар ҳамда юк машиналаридан фойдаланади.

2000-йилларга келиб «Синалоа» Мексикадаги энг йирик наркокартелга айланиб, бир томондан ҳукумат кучлари, полиция ҳамда ҳарбийларга, бошқа томондан рақобатчи картелларга қарши шафқациз уруш олиб боради. Тўда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатига гиёҳванд моддалар етказиб берувчи йирик жиноий империяга айланади. Хоакин Гусманнинг пуллари миллиард доллардан ошади. Ҳатто Форбес уни дунё миллиардерлари рўйхатига қўшади. Журнал 2009-йилда уни дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 41-ўринга, 2010-йилда 55-ўринга ва 2011-йилда 60-ўринга қўяди. Ўша пайтларда у Карлос Слимдан сўнг Мексиканинг энг бой одами ҳисобланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.