Эквадор собиқ президенти 76 млн долларлик коррупсияда айбланиб 5 йилга қамалди

Эквадорнинг собиқ президенти Ленин Морено 76 миллион долларлик коррупсия иши бўйича айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Реутерс хабар берди.
28-август куни Эквадор суди 73 ёшли Моренони Анд тоғлари минтақасидаги мамлакатнинг энг йирик гидроелектр стансияси (ГЕС) қурилишида пора олганликда айблади. Ҳукмга кўра, унга келажакда давлат лавозимларида ишлаш умрбод тақиқланади. Бош прокуратура бу иш бўйича терговни 2023-йил март ойида бошлаган эди.
Тергов маълумотларига кўра, Морено ва унинг оила аъзолари, шунингдек, уларнинг маҳаллий ва хитойлик ҳамкорлари, жумладан, Хитойнинг Кито (Эквадор пойтахти)даги собиқ элчиси ҳам коррупсия тармоғига алоқадор бўлган. Иш Соса Содо Синслаир стансияси қурилиши билан боғлиқ бўлиб, ушбу ГЕС 2016-йилда ишга тушганидан бери доимий техник муаммоларга дуч келмоқда.
Ҳукмни ўқиган суд раиси Мануел Кабрера шундай деди: “Ленин Моренонинг ҳаракатлари прокуратура айбловига тўла мос келади. У давлат хизматчиси сифатида пора олган”.
Собиқ президентнинг рафиқаси ва қизи ҳам айбдор деб топилиб, 2 йил-у 6 ойга қамалди. Унинг икки акаси ва янгалари ҳам худди шу муддатга жавобгарликка тортилди. Хитойнинг Китодаги собиқ элчиси Сай Рунго эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Дастлаб, прокурорлар Морено ва яна 19 нафар айбланувчи учун 6 йилдан ортиқ қамоқ жазоси сўраган эди.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Хитойнинг Синоҳйдро компанияси 2009-2018-йиллар давомида сохта маслаҳат шартномалари орқали жами 76,1 миллион доллар атрофида пора берган. Терговчиларнинг таъкидлашича, бу пуллар аввал чет элдаги банк ҳисобларига тушган, сўнгра солиқлардан холи ҳудудлардаги (офшор) сохта компаниялар орқали Моренонинг оиласи ва ҳамкорларига етказиб берилган.
Прокуратуранинг билдиришича, Морено 2007-2013-йилларда вице-президент лавозимида ишлаган. Айнан шу йилларда у ва унинг яқин қариндошлари 1 миллион доллардан ортиқ пул олган.
73 ёшли Морено бу айбловларни доим рад этиб келган. У лойиҳа шартномаларини имзолаш ёки назорат қилишга умуман алоқаси йўқлигини айтган. Суддаги нутқида Морено шундай деди: “Прокурорга маслаҳатим: сиз нотўғри жойни қидиряпсиз. Шартномаларни ким имзолаганига қаранг. Доим пора талаб қилишга ўрганган одамларни топинг. Сиз бутунлай хато йўлдасиз”.
Маълумот учун, Морено 2017-йилдан 2021-йилгача Эквадор президенти бўлган. У бу судда қатнашиш учун Парагвайдан ватанига қайтиб келган.
Аввалроқ Арманистон собиқ президенти Роберт Кочарян суд залидан касалхонага олиб кетилгани ҳақида хабар берилганди. Коррупсияда айбланаётган сиёсатчи докторлар кўрсатмаси билан шифохонага ётқизилган. Унинг иши бўйича суд мажлиси фақат адвокатлар иштирокида давом этган.

