Эфиопиялик марафончи жаҳон рекордини янгилади

Эфиопиялик енгил атлетикачи Ёмиф Кежелча Аргентина пойтахти Буенос-Айресда бўлиб ўтган Ворлд Атҳлетисс йўл пойгасида ярим марафон бўйича жаҳон рекордини янгилади. У 21,1 километрлик масофани 56 дақиқа 51 сонияда босиб ўтди.
29 ёшли спортчи аввал ҳам бу рекордга эгалик қилган эди. Кежелча 2024-йил октябр ойида Валенсияда ярим марафонда 57 дақиқа 30 сония натижа қайд этган. Бироқ, 2026-йил март ойида Угандалик Жейкоб Киплимо Лиссабонда 57 дақиқа 20 сониялик натижа билан рекордни янгилаган эди.
Буенос-Айресдаги пойгада Кежелча ўзининг аввалги натижасини 29 сонияга яхшилаб, 56:51 натижа билан рекордни қайтарди.
У пойгани жуда юқори темпда бошлаб, дастлабки 5 километрни 13:34 дақиқада якунлади. 10 километрга келиб унинг вақти 27:19 дақиқани ташкил этди. Бу Киплимонинг жаҳон рекордини ўрнатган пойгадаги 10 километр натижасидан 19 сония секинроқ эди.
Шунга қарамай, Кежелча масофанинг иккинчи ярмида тезлигини ошириб, маррага 56:51 дақиқа натижа билан етиб келди. Унинг кўрсаткичи юлдузча билан қайд этилган бўлиб, жаҳон рекорди сифатида тасдиқланиши кутилмоқда.
Кежелча 10 000 метрга югуришда Жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби ҳисобланади. У шунингдек, 10 000 метр масофадаги йўл пойгаси бўйича жаҳон рекордига ҳам эга.
Маълумот учун, эфиопиялик спортчи жорий йил Лондон марафонида ҳам иштирок этиб, иккинчи ўринни эгаллаган. Унда кениялик Себастян Сауе 1 соат 59 дақиқа 30 сония натижа билан ғалаба қозонган. Сауе Кежелчадан 11 сония аввал маррага етиб келган эди.

