Эд Ширан консертидаги можаро ортидан саҳнада кўз ёшларини тия олмади: гастрол пайтида нима бўлди?

Эд Ширан консертидаги можаро ортидан саҳнада кўз ёшларини тия олмади: гастрол пайтида нималар юз берди?
Эд Ширан Филаделфиядаги консерти чоғида, оғир кечган бир неча кундан кейин, кўз ёшларини ушлаб тура олмади. Унинг гастролидан репер Масклеморе чиқариб юборилди, қолган ижрочилар эса ҳамкасбини қўллаб-қувватлаш учун консертларда қатнашишдан бош тортди. Ширан эса ҳатто фаолиятини давом эттириш керакми ёки йўқми, деган савол устида ўйлаганини тан олди.
Нега Масклеморе гастролдан чиқарилди?
У чиқиши вақтида Фаластинни қўллаб-қувватловчи шиор айтиб, Ғазодаги уруш ва АҚШдаги талабалар норозиликларига бағишланган “Ҳиндъс Ҳалл” қўшиғини ижро этди. Эртаси куни репер яна шу мавзуга қайтиб, яҳудий томошабинларга мурожаат қилди. У Исроил ҳукуматининг сиёсатини танқид қилиш яҳудийларга қарши муносабат билдириш дегани эмаслигини таъкидлади.
Шундан кейин Масклеморе танқидлар остида қолди. Гиллетте Стадиум стадиони эгаси Роберт Крафт репернинг кейинги консертларда қатнашишига қарши чиқди. Крафт уни маълумотларни бирёқлама тақдим этишда айблаб, ўз аренасида унга чиқиш имконини беришни истамаслигини билдирди.
Натижада Масклеморе гастрол таркибидан чиқарилди. Кейинроқ Ширан Масклемореънинг гастролда қолиши масаласини ҳал қилишга уриниб кўрганини, бироқ якуний қарорни ташкилотчи қабул қилганини айтди.
Можаро шу билан якунланмади. Финнеас, Лукас Греҳем, Аарон Роу ва Беога гуруҳи Масклемореъни қўллаб-қувватлаш учун гастролнинг қолган консертларида қатнашишдан бош тортди.
Ширан томошабинлар қаршисида йиғлаб юборди
Консерт бошида у томошабинларга мурожаат қилиб, ўтган ҳафта унинг учун жуда оғир кечганини тан олди. Хонанда мураккаб қарорлар қабул қилишига тўғри келганини, хатоларга йўл қўйганини ва юз берган воқеалардан афсусда эканини айтди. Томошабинлар билан суҳбат чоғида у кўз ёшларини тия олмади.
Ширан аввал сиёсий масалаларда фикр билдирадиган санъаткор бўлишдан атайлаб қочганини, консертлари турли қарашдаги одамларни бирлаштиришини истаганини айтди. Бироқ ҳозирги вазиятни инсонпарварлик масаласи деб атаб, бу ҳақда энди сукут сақлай олмаслигини билдирди. Эд Ширан ўз позициясини очиқ айтиб, вазиятни ҳали ҳам ўрганаётганини ва Исроилдаги воқеалардан жабрланган аҳолига ёрдам бериш йўлларини излаётганини таъкидлади.
Гастрол хавф остида қолди
Охир-оқибат у томошабинлар учун саҳнага қайтишга қарор қилди. Консертдан сўнг хонанда томошабинларнинг қўллаб-қувватлаши ҳақида ҳаяжон билан гапириб, чиқиш унга юз берган воқеаларни енгиб ўтишга ёрдам берганини айтди.
Можаро гастролнинг АҚШдаги қисмига ҳам таъсир кўрсатди. Артистлар таркиби ўзгарганидан сўнг чипталар савдоси пасайгани ва айрим томошабинлар пулларини қайтаришни сўрагани ҳақида хабарлар тарқалди. Филаделфиядаги консерт чипталарининг айримлари дастлабки нархидан анча арзон сотилган.
Ширан, шунингдек, консерт майдонлари санъаткорларнинг саҳнада нималар ҳақида гапириши мумкинлигини олдиндан белгилаб қўйишидан хавотирда эканини айтди. Можарога қарамай, унинг “Лооп” номли гастроллари давом этмоқда: хонанданинг навбатдаги чиқишлари АҚШда режалаштирилган, шундан сўнг гастрол бошқа мамлакатларда давом этади.

