Дунёдаги камбағаллар сони ошди ва 1,2 миллиард кишига етди - БМТ
Камбағалларнинг ярмидан кўпроғини (617 миллион) болалар ташкил этади, уларнинг 83 фоизи қишлоқ жойларда яшайди.

Дунёдаги камбағаллар сони ошиб, 1,2 миллиард кишига етди - БМТ
Дунёда ўта қашшоқликда яшаётганлар сони БМТ ҳисоб-китоб юрита бошлаган 2010-йилдан бери биринчи марта кўпайиб, 1,2 миллиард кишига чиқди. Бу аввалги ҳисоб-китобга нисбатан 51,5 миллион нафарга кўп. Бу ҳақдаги маълумотлар БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ва Оксфорд университети тайёрлаган 2026-йилги Глобал камбағаллик индексида келтирилган.
Камбағалларнинг ярмидан кўпроғини 617 миллион бола ташкил этади, уларнинг 83 фоизи қишлоқ ҳудудларида яшайди.
Индексда камбағаллик даромадга қараб эмас, балки инсон ҳаётида нималар етишмаётганига — тўғри овқатланиш, таълим, тиббий хизмат, тоза сув, электр энергияси ва муносиб уй-жой мавжудлигига қараб баҳоланади. Ушбу неъматларнинг салмоқли қисмидан маҳрум бўлганлар камбағал деб ҳисобланади.
Тадқиқот сайёра аҳолисининг 78 фоизи яшайдиган 108 та ривожланаётган давлатни қамраб олган. Бу ўсиш қисман аҳоли сонининг кўпайиши билан ҳам боғлиқ: янги маълумотлар мавжуд бўлмаган 95 та мамлакатда аҳоли ўсиши камбағаллар сонини яна 15,8 миллион нафарга оширди.
БМТТД раҳбари Александр Де Кроо шундай деди:
«Камбағалликнинг ортиши бутун дунё учун хавотирли сигнал бўлиши керак. Бу рақамлар ортида ўзаро бир-бирини кучайтирувчи омилларга - очлик, таълим, тоза ичимлик суви ёки электр энергияси йўқлигига дуч келаётган 1,2 миллиард инсон турибди».
Баҳолаш кўрсаткичлари янгиланган 13 та мамлакатдаги вазият турлича. Миср, Непал ва Тожикистонда камбағалларнинг улуши ҳам, сони ҳам камайган бўлса, Ангола ва Замбияда улуши қисқарган, бироқ аҳоли сони ошгани сабабли уларнинг мутлақ сони барибир кўпайган. Нигерияда 2010-йиллардаги камбағалликнинг пасайиши 2020-йилларда яна ўсиш билан алмашди. Хитой эса ҳаммадан тез суръатларда ривожланди: 2010-йилдан 2014-йилгача мамлакат аҳолиси орасида камбағаллар улуши 9,5 фоиздан 4,2 фоизгача қисқарди.
Ташкилот маълумотларига кўра, 2025-йилда у сўнгги ўн йилдаги энг паст кўрсаткич — бор-йўғи 12 миллиард доллар маблағ олган. Ушбу қисқариш, жумладан, Доналд Трамп ташаббуси билан АҚШ халқаро ёрдами камайтирилгани туфайли ҳам юз берди.

