Дунёда кутилаётган умр кўриш давомийлиги деярли пандемиядан олдинги даражага қайтди — ЖССТ

Дунёда умр кўриш давомийлиги деярли пандемиядан олдинги даражага қайтди — ЖССТ
2023 йилда дунёда ўртача умр кўриш давомийлиги 73,3 ёшга етди ва COVID-19 пандемиясидан олдинги кўрсаткичга деярли қайтди. Шу билан бирга, барча ўлим сабаблари орасида юқумли бўлмаган касалликлар улуши ортишда давом этмоқда: агар 2000 йилда уларнинг ҳиссасига ўлим ҳолатларининг 58 фоизи тўғри келган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 74 фоизни ташкил этди.
Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2000 йилдан 2023 йилгача бўлган даврни қамраб олган янги глобал баҳолашларида айтилади. Таққослаш учун, пандемиядан олдин, 2019 йилда ўртача умр кўриш давомийлиги 73,4 ёшни ташкил этган.
Соғлом умр кўриш давомийлиги кўрсаткичи секинроқ тикланмоқда. 2023 йилда у 62,8 ёшни ташкил этди, бу 2019 йилдаги даражадан 0,4 йилга пастдир. Бу кўрсаткич нафақат умумий умр кўриш давомийлигини, балки соғлиқни чекловчи касалликлар ва жароҳатларсиз яшалган йилларни ҳам ҳисобга олади.
Умр кўриш давомийлигининг ўсиши фонида сурункали касалликларнинг роли сезиларли даражада кучайди. Альцгеймер касаллиги ва деменциянинг бошқа шакллари 2023 йилда 2000 йилдаги 19-ўриндан кўтарилиб, дунёдаги ўлимнинг асосий бешта сабаби қаторига биринчи марта кирди. Ушбу давр мобайнида деменция билан боғлиқ ўлим ҳолатлари сони уч баравар кўпайди.
Ўзгаришлар руҳий бузилишлар билан боғлиқ вазиятга ҳам таъсир кўрсатди. 2019 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда депрессив бузилишлар билан боғлиқ касалликлар юкининг глобал кўрсаткичи тахминан 20 фоизга, хавотирли бузилишлар билан боғлиқ кўрсаткич эса деярли 45 фоизга ошди. Улар биргаликда 2023 йилда барвақт ўлим ва ногиронлик туфайли тахминан 110 миллион йиллик соғлом ҳаётнинг йўқотилишига олиб келди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги 75,4 ёшни ташкил этди. "Ўзбекистон — 2030" стратегияси доирасида ушбу кўрсаткични 78 ёшга етказиш мақсад қилиб қўйилган.
ЖССТ умр кўриш давомийлигининг кейинги ўсиши нафақат ўлим даражасини пасайтиришни, балки яхши соғлиқ ҳолатида яшалган йиллар сонини кўпатиришни ҳам талаб қилишини таъкидламоқда. Ташкилотнинг янги баҳолашлари мамлакатларга юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, эрта ташхис қўйиш ва соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантиришда устувор йўналишларни белгилашга ёрдам бериши керак.
2025 йилда дунёда 65 ёшдан ошган одамлар сони биринчи марта олти ёшгача бўлган болалар сонидан ошиб, тахминан 852 миллионга етди. Прогнозларга кўра, 2060 йилга келиб кекса ёшдаги одамлар сони деярли икки баравар кўпаяди.

