Дубайда Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгаши иш бошлади

Дубайда Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгаши ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
26-август куни Дубай маҳаллий савдо палатаси (Дубаи Чамберс) кўмагида Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгашининг биринчи умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон элчихонаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ваколатхонаси ҳамда ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳамжамиятининг ташаббуси билан амалга оширилди. Йиғилишда Аксум Гроуп компанияси асосчиси Улуғбекхон Максумов кенгаш раиси этиб сайланди.
Ташкилотнинг асосий мақсади икки давлат бизнес вакиллари ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш, ўзбек компанияларининг БАА бозоридаги иштирокини кенгайтириш ҳамда истиқболли лойиҳаларга амирлик инвесторларини жалб этишдан иборат.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра:
* Ҳозирда Ўзбекистонда БАА капитали иштирокидаги 450 дан ортиқ компания фаолият юритмоқда.
* Сўнгги уч йилда амирлик инвестициялари ҳажми 3 миллиард долларни ташкил этган.
* 2025-йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард долларга етган.
Шунингдек, Дубаи Чамберс маълумотига кўра, ўтган йил охирида палата таркибида 826 та фаол ўзбекистонлик компания рўйхатга олинган бўлиб, бу бир йил аввалгига нисбатан 21,3 фоизга кўпдир. Жорий йилнинг биринчи ярмида палата сафига яна 75 та компания қўшилган.
Аввалроқ Сингапур ишбилармонлари Ўзбекистондаги инвестициявий фаолиятини кенгайтириши ҳақида хабар берилган эди. Стратегик ва инновацион шериклик бўйича ўрта муддатли қўшма дастур ишлаб чиқилиб, унда савдо, инвестициялар, технологиялар трансфери ва давлат бошқаруви тизимини модернизация қилишга келишиб олинган.

