Дронлар тунда яна Москва ва Петербургдаги аеропортлар фаолиятини тўхтатиб қўйди
Қарийб 200 та рейс қолдирилган ёки бекор қилинган. Тҳе Атлантис Украинанинг Россиядаги аеропортлар фаолиятини фалаж қилишга қаратилган кампанияси «эндигина бошланаётгани» ҳақида ёзди.

Дронлар тунда яна Москва ва Петербург аеропортлари ишини издан чиқарди
15-октабр куни кечқурун Москванинг Шереметево, Внуково, Домодедово ва Жуковский аеропортларида рейсларни қабул қилиш ва жўнатишга чекловлар киритилди.
Росавиация маълумотига кўра, бу чекловлар фақат 16-октабр тонгига келиб бекор қилинган. Тунда ушбу аеропортларда қарийб 160 та рейс қолиб кетган. «Москва» агентлиги хабарига кўра, уларнинг аксари Внуково ва Шереметево аеропортларига тўғри келади — мос равишда 66 ва 79 та.
Москва мери Сергей Собянин маълум қилишича, шу вақт оралиғида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россия пойтахти томон учиб келаётган 94 та дронни уриб туширган.
Тунда Петербургдаги Пулково аеропорти ҳам ёпилди. Бу ерда чекловлар фақат эрталаб соат 9 га келиб олиб ташланган. «Фонтанка» нашри ёзишича, тунда учиши керак бўлган 37 та рейс кечиктирилган ёки бекор қилинган, шунингдек, аеропорт 9 та рейсни қабул қила олмаган. Ленинград области губернатори Александр Дрозденко сўзларига кўра, регион устида 4 та дрон уриб туширилган.
Тҳе Атлантис нашри журналисти Саймон Шустер ўз манбасига таяниб, Украинанинг Россиядаги аеропортлар фаолиятини фалаж қилишга қаратилган кампанияси «эндигина бошланаётгани» ҳақида ёзди.
1-сентабр куни Украина президенти Володимир Зеленский «дронлар кутилмаганда пайдо бўлиши хавфини инобатга олиш»га чақириб, Россия осмони «хавфли бўлиб бораётгани» ҳақида огоҳлантирганди.
Шустер манбаларига кўра, сўнгги ҳафталарда Украина узоқ масофага учувчи дронлар ёрдамида Россия аеропортлари атрофидаги ҳаво ҳудудидан фойдаланишни қийинлаштиришга уринмоқда. Бироқ ҳозирча Зеленский анча тажовузкор тактика назарда тутилган дастлабки режани амалга оширишни маъқулламаган.
Кампаниянинг янада кенгроқ варианти Россиянинг ҳаво мудофаа тизимларини четлаб ўта оладиган сунъий интеллектли дронлардан фойдаланишни ўз ичига олади. Тҳе Атлантис манбаларидан бирининг айтишича, бундай дронларни оммавий ишлаб чиқариш тез орада бошланиши керак.
Нашр ёзишича, дастлабки режани собиқ мудофаа вазири Михаил Федоров фаол илгари сурганди. Июл ойида у истеъфога чиққач, режани ишлаб чиқиш тўхтаб қолган.
Октабр ойида Москва аеропортларидаги тўхталишлар кўпайди. «Агенцтво» ҳисоб-китобига кўра, ойнинг дастлабки икки ҳафтасида тўртта аеропортдаги ёпилишлар жами 101 соатни ташкил этган, сентабрда эса бу кўрсаткич 46 соат бўлган. 14-октабрга ўтар кечаси Москвадаги барча аеропортларнинг бир вақтнинг ўзида ёпиқ бўлиши бўйича рекорд даражадаги 7 соатлик ҳолат қайд этилган.

