Донаси 10 минг сўмдан: водий чойхоналарида пиширилаётган чумчуқлар ҳақида
Авваллари осмонни тўлдириб гала-гала бўлиб учадиган чумчуқлар бугун анча камайиб ketgandek.Kun.уз мухбири чумчуқ гўштидан турли хил таомлар тайёрлаб сотаётган ошхоналарни аниқлаб, айрим маълумотларни тўплади, масала юзасидан масъуллардан изоҳ олди.

Донаси 10 минг сўмдан: водий чойхоналарида пиширилаётган чумчуқлар ҳақида
Суриштирувни аввало чумчуқ гўшти қайси ошхоналарда тайёрланаётгани ҳақида маълумот йиғишдан бошладик. Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги “Улфатлар” ошхонаси, Фарғона вилояти Бувайда туманидаги ошхоналардан бири ҳамда Олтиариқ тумани Зилҳа маҳалласида жойлашган махсус ошхона чумчуқ гўштидан кабоб ва турли таомлар тайёрлаб сотишини аниқладик. Емакхона телефон рақамларини топиб, ўзимизни мижоз сифатида таништирдик ва ошпазлардан чумчуқ гўштидан тайёрланган овқат бор-йўқлигини сўрадик. Сўраган таомимиз ошхоналарда бор экан. Айни кунларда пиширилган бир дона чумчуқ 10 минг сўмгача сотилаётгани маълум бўлди.
Телефон орқали суҳбат чоғида ошпазлардан чумчуқлар ошхонага қаердан олиб келинаётгани ҳақида ҳам сўрадик. Улар қушлар овчилар томонидан отилиб, ошхоналарга тарқатилаётганини айтди. Чумчуқларни овлаётган овчиларнинг телефон рақамларини олишга қанча уринмайлик, бунинг уддасидан чиқа олмадик.
Чумчуқ кабоб тайёрлайдиган ошхоналарни излаб йўлга чиқдик.
Биринчи манзил Олтиариқ тумани Зилҳа маҳалласидаги ошхоналардан бири бўлди. Бу анча овлоқ, атрофини мажнунтоллар пана қилиб турадиган кўл бўйида қурилган ошхона эди. Бу ерда балиқ, чумчуқ, қашқалдоқдан турли таомлар пиширилиб сотилар экан. Ошхона ходимига ўзимизни хўранда сифатида таништириб, айрим маълумотларни олдик.
Ошпаз совиткичда сақланаётган 200 та чумчуқ гўштини кўрсатиб, донасини 8 минг сўмдан думба ёғида пишириб беришини айтди. Ошпазнинг айтишича, чумчуқлар овчилар томонидан отиб ўлдирилиб, ошхоналарга топширилади. Ошпаздан овчининг телефон рақамини беришини қанча сўрамайлик, у рақамини ҳеч кимга бера олмаслигини, буни овчининг ўзи тайинлаганини айтиб, илтимосимизни рад этди.
Кейинги манзил Бувайда тумани марказида жойлашган, чумчуқ гўштидан таомлар тайёрлаб сотиш билан шуғулланадиган ошхона бўлди. Ошхона анча машҳур экан. Мижозлари ҳам кўп. Ошпазнинг, ошхона ходимларининг қўли қўлига тегмайди. Пати тозаланиб, бир парча гўшт ҳолатига келган чумчуқлар ёғ билан тўла, қизиган катта қозонларга солиняпти...

