“Док-1 Макс” жабрланувчиларига компенсация тўлиқ тўланди, масъуллар тирик қолган болалардан хабар олмоқда — ота-оналар
ъДок-1 Максъ жабрланувчиларига компенсациянинг қолган қисми давлат ҳисобидан тўлиқ қоплангани, масъуллар ногиронлик орттирган болалардан хабар олаётгани айтилмоқда. Ота-оналар расмийларга, жумладан, Газета орқали бир неча бор мурожаат қилди, 3 йил давомида зарарнинг атиги 20 фоизи ундирилган эди.

“Док-1 Макс” жабрланувчиларига компенсация тўлиқ тўлаб берилди, масъуллар тирик қолган болалардан хабар олмоқда — ота-оналар
2026-йил 20−24-октабр кунлари “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дориларидан зарар кўрган болаларга компенсация давлат томонидан тўлиқ тўланган. Бу ҳақда фарзанди вафот этган ва ногиронлик орттирган деб топилган болаларнинг ота-оналари Газетаъга маълум қилди.
Суд ҳукмининг компенсация тўлашга доир қисмини ижро этиши керак бўлган Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов ҳам бу маълумотни тасдиқлади.
Иш юзасидан ўтган бир неча суд қарорларига кўра, компенсация мазкур иш бўйича айбдор деб топилган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбар ва ўринбосарлари ҳамда дори ишлаб чиқарувчининг Ўзбекистондаги расмий дилери — Қурамах МЧЖ вакилларидан ундирилиши лозим эди.
Газетаънинг ота-оналар тақдим этган банк ҳужжатлари асосида мустақил ўрганишича, 3 йил давомида судланганлардан зарар суммасининг атиги 20 фоизи ундириб олинган. Сўнгги ундирув 2026-йил августида амалга оширилган.
Октабр ойида тўланган компенсациянинг қолган 80 фоизи эса давлат ҳисобидан қопланган.
Ҳозирча компенсация нечта кишига, қачон ва қанча миқдорда тўлаб берилгани, шунингдек, давлат ҳисобидан қопланган маблағ кейинчалик судланганлардан қайта ундирилиши ёки ундирилмаслиги номаълум.
“Мазкур масала бўйича яқинда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда жамоатчиликка маълумот берамиз ва матбуот анжумани ҳам ташкил этишимиз мумкин”, — деди МИБ матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов.
Компенсация тўлиқ тўлангач, 25-октабр куни Тошкентдан бир гуруҳ масъуллар Қорақалпоғистонга бориб, доридан ногиронлик орттирган болаларнинг ҳолидан хабар олган.
Шуманайлик жабрланувчи Шаҳрам Абатбаевнинг отаси масъуллар уларнинг уйига ва Шаҳрам даволанаётган шифохонага ҳам борганини айтди.
“Ташриф буюрганлардан бири „пул тўлаб берилганини назорат қилиш учун бизни президент юборди“, деб айтди. Яна бири эса ўзини Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказининг шифокори деб таништирди. „Пойтахтга бориб даволанишингиз керак бўлса, айтинглар, чипта ва шифохонага ётқизиш масалаларини ҳам ўзимиз ҳал қиламиз, ўзим даволаб кўраман“, деди. Телефон рақамини ҳам қолдирди”, — деди ота.
Хўжайлилик Умида Тажимуратованинг онаси эса масъуллар билан борган ЛОР шифокор қизини текшириб, Тошкентга олиб боришини айтгани, 4-ноябрда боришни режалаштиришаётганини билдирди.
“Шу пайтгача бирор киши қизимизнинг соғлиғини сўраб келмаганди. Кеча тўрт киши келди. Икки нафари Тошкентдан экан. Патронаж ҳамшираларга „нега шу пайтгача хабар олмагансизлар?“, деб дакки беришди. Қизим билан расмга ҳам тушишди”, — деди она.
Бухоролик Мухторжон Раҳмоновнинг отаси 26-октабр куни уйига ССВдан бир гуруҳ одамлар борганини айтди.
“Уларнинг бири президентимиз болаларнинг соғлиғини ўйлаб бизни юборди, агар бирор муаммоларингиз бўлса, менга мурожаат қиласизлар, деб телефон рақамини ҳам қолдирди. Ўғлимнинг аҳволи олдингидан ўзгармаган, ҳамон қулоғи эшитмайди, кўзи кўрмайди. Чет элда ҳам даволаниб келдик, фойдаси бўлмади. Қулоғига имплант қўйдирмоқчи эдик, 20 минг доллар бўлгани учун имкон тополмай юргандик. Энди ташлаб берилган компенсациядан имплант қўйдирамиз”, — деди ота.
Сирдарёлик жабрланувчи Мансурбек Кемамовнинг отаси 26-октабр куни фарзандининг соғлиғидан хабар олиш учун телевидение, ҳокимлик ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари келиши айтилганини маълум қилди.
Газета “Док-1 Макс” мавзусини бир неча йилдан бери ёритиб келади. Нашрда 2023-йил августидан 2024-йил февралигача давом этган биринчи инстансия суди мажлисларидан репортажлар, жабрланувчилар кўрсатма берган бир нечта мажлисларнинг тўлиқ стенограммалари, суд ҳукми эълон қилинган залдан жонли эфир, 2024-йил апрелида бошланган апелляция судининг муҳим мажлисларидан репортажлар эълон қилинган.
2024-йил апрелида апелляция суди мажлисларидан бири қолдирилганда ота-оналар судяга норозилик билдирган. Уларнинг бир нечтаси Газета мухбирига ҳам компенсация тўлаш масаласидаги суд ҳукми ижросини чўзмасликни сўраб, “Тирик болаларни асраб қолиш керак”, дея мурожаат қилган.
2024-йил январида, биринчи инстансия суди давом этаётган пайтда, Газета доридан заҳарланган бўлса-да, тергов органларининг жабрланувчилар рўйхатига киритилмай қолган Мансурбек Кемамовнинг касаллик тарихи ҳақида ёзган эди. Унда, шунингдек, боланинг отаси Сафарали Мансуровнинг ўғлини рўйхатга киритиш учун турли идораларга ёзган хатлари ҳамда тегишли мурожаатлари ҳақида баён қилинган.
Биринчи инстансия суди ҳукмида 68 нафар бола доридан вафот этгани, 18 нафари эса ногиронлик орттиргани қайд этилган. Ҳукм эълон қилинган куни журналистлар билан учрашувда ишга раислик қилган судя Мусо Юсупов жабрланувчиларнинг ҳолати юзасидан алоҳида жиноят иши мавжудлиги ва тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини, ушбу иш судга алоҳида жиноят иши сифатида киритилишини билдирган эди.
2024-йил 18-ноябрда жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида “Док-1 Макс” иши юзасидан кейинроқ мурожаат қилган жабрланувчиларга оид суд ҳукми эълон қилинди. Унда доридан ногиронлик орттирган болалар рўйхатига яна беш нафар бола, жумладан, Мансурбек Кемамов ҳам киритилди.
2024-йил 10-октабрда Газета фарзанди доридан ногиронлик орттирган ва даволаниш харажатлари учун компенсациянинг тўлиқ тўланишини кутаётган ота-оналарнинг “Энди кимга мурожаат қилайлик, президентгами?” деган савол билан йўллаган мурожаатини эълон қилган. Унда айрим ота-оналар дорининг асоратлари туфайли фарзандларининг кўриш ва эшитиш қобилиятини йўқотгани, юра олмай қолгани, буйраги ва ошқозони жиддий зарарлангани, ҳаво совиши билан аҳволи оғирлашаётганини маълум қилган. Қолаверса, фарзандларининг ҳолидан ҳеч ким хабар олмаётганини ҳам таъкидлаган.
2024-йил охирида таҳририят жамоаси “Док-1 Макс” қурбонлари ва жабрланувчиларига бағишланган икки қисмли катта материал эълон қилди (биринчи қисм, иккинчи қисм). Унда жабрланувчиларнинг яқинларидан олинган интервюлар, суд жараёнидан тайёрланган стенограммалар, суд ҳукмидаги тафсилотлар асосида вафот этган болаларнинг сўнгги кунлари, ногиронлик орттирган болаларнинг касаллик тарихи ва бошидан ўтказаётганлари ҳикоя қилинди. Материалларда компенсация тўлаш масаласи ҳам яна бир бор кўтарилган.
2025-йил октабрида ҳам компенсация пулини тўлиқ ололмаган ота-оналар президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаган.

