“Дизел, дизел, дизел”: Трамп яна Зеленскийдан Россия НҚИЗларига зарбаларни тўхтатишни талаб қилди — ОАВ

“Дизел, дизел, дизел”: Трамп яна Зеленскийдан Россия НҚИЗларига зарбаларни тўхтатишни сўради — ОАВ
Трамп 20-сентябр куни Зеленский билан телефон орқали суҳбатлашди. Кейин Украина президенти Ню-Ёркда 22-сентябр куни бошланадиган БМТ Бош ассамблеяси сессияси доирасида Оқ уй раҳбари билан учрашишга келишиб олганини билдирди. Ахиос ва Финансиал Тимес манбаларига кўра, суҳбат чоғида Трамп Зеленскийга бир неча бор Украина Қуролли кучлари Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига (НҚИЗ) зарба беришни тўхтатиши кераклигини айтган. Бу заводларда, жумладан, дизел ёқилғиси ҳам ишлаб чиқарилади.
13-сентябр куни Трамп дунё бўйлаб дизел нархининг ошишига АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан зиддияти эмас, балки Россия–Украина уруши сабаб бўлаётганини айтганди. Шунингдек, АҚШ президенти Зеленскийни “битта иш қилишга” — Россиядаги дизел ишлаб чиқарувчиларга зарбаларни тўхтатишга чақирди.
Эртаси куни Трамп ўзининг Трутҳ Сосиал тармоғида Украина ва Россия энергетика инфратузилмасига ўзаро зарбаларни тўхтатишга келишиб олганини ёзди. Бироқ бу маълумотни на Москва, на Киев тасдиқлади.
20-сентябр куни Украина ҳарбийлари Москванинг Капотня ҳудудидаги НҚИЗга зарба берди. Бу Москва бўйлаб амалга оширилган кенг кўламли ҳужумнинг бир қисми бўлди. Россия расмийлари ушбу зарбани уруш бошланганидан бери пойтахтга уюштирилган энг йирик ҳужум деб атади.
Душанба куни АҚШ президенти Украина зарбалари ҳақида яна Трутҳ Сосиалъдаги саҳифасида фикр билдирди.
“Россия, афсуски, Украина билан уруш туфайли ўз дизел ёқилғиси саноати устидан назоратни йўқотди. Дизел ишлаб чиқарадиган кўплаб корхоналар портлатилди ёки камида вақтинча ишламаяпти. Украина билан бу бемаъни ва охири йўқ урушни якунлаш керак. Бутун дунё бундан азият чекмоқда, ҳар ой 25 минг киши, асосан ҳарбийлар ҳалок бўлмоқда”, — деб ёзди Трамп.
ФТ журналистлари Трамп ва Зеленский ўртасидаги телефон суҳбатида қатнашган юқори мартабали украиналик амалдор билан гаплашганини ёзмоқда. Манба суҳбат мазмунини шундай таърифлаган:
“Америка президентининг асосий гапи ъдизел, дизел ва яна дизелъ бўлди. У Зеленскийни ҳарбийларга дрон ва ракета зарбаларини тўхтатиш ҳақида буйруқ беришга чақирди.”
“Суҳбат давомида ъдизелъ сўзи кўп бор тилга олинди”, — деди музокара мазмунидан хабардор бошқа манба Ахиосъга.
ФТ билан гаплашган яна бир Украина расмийсига кўра, Трамп дизел ёқилғиси нархларининг ошишидан хавотир билдирган. У тақчилликни камайтириш учун Россиядан дизел экспортини йўлга қўйиш кераклигини ҳам таклиф қилган.
Дизел нархлари ошишига ҳақиқатан ҳам Россиянинг Украинага қарши уруши сабаб бўляптими?
Август охирида Россия дизел экспортига қўйилган тақиқни 30-сентябргача узайтирди. Бу чеклов дастлаб 8-июлда жорий этилганди. Бунга Россия НҚИЗларига Украина томонидан мунтазам зарбалар берилиши ортидан мамлакат ичида ёқилғи танқислиги юзага келгани сабаб бўлган.
ББС иқтисодий шарҳловчиси Алексей Калмиков тушунтиришича, экспертлар нефт ва дизел ёқилғиси нархларининг ошишига бир неча омил сабаб бўлаётганини таъкидламоқда. Улардан фақат биттаси Украинадан Россиядаги заводларга берилаётган зарбалар билан боғлиқ.
Қолган сабаблар эса Форс кўрфазидан нефт ва нефт маҳсулотлари етказиб беришдаги жиддий узилишлар билан изоҳланади. Бунга АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми ҳамда ундан кейин Ҳормуз бўғозининг блокланиши сабаб бўлган.
ББС мухбири дунё бўйича ҳар куни қарийб 30 миллион баррел дизел ёқилғиси истеъмол қилинишини эслатди. Унинг катта қисми истеъмолчи мамлакатларнинг ўзида ишлаб чиқарилади. Бироқ илгари кунига 7–8 миллион баррел дизел денгиз орқали импорт қилинган.
Бу импортнинг қарийб 20 фоизи Яқин Шарқ, яна 10 фоизга яқини Россия ҳиссасига тўғри келган.
ФТ ўз мақоласида дизел ёқилғиси масаласи АҚШда оралиқ сайловлар арафасида президент учун сиёсий муаммога айланганини қайд этди.
Нашрнинг ёзишича, АҚШнинг Эрон билан уруши ва Россия–Украина можароси оқибатида инфратузилмага етган зарар ёқилғи таклифини камайтириб, АҚШда нархларнинг мисли кўрилмаган даражада ошишига олиб келмоқда.
ФТ билан суҳбатлашган украиналик амалдорлардан бири Трамп Россияга қарши яқинда қабул қилинган ва ўзи имзолаган “жаҳаннам санксиялари” ҳақидаги қонунни қўллашга шошилмаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Унинг тахминича, Трамп шу йўл билан Украинани Россияга зарбаларни тўхтатишга ундашга уринаётган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, манба АҚШ президенти бу санксиялардан Москвага босим ўтказиш воситаси сифатида ҳам фойдаланиши мумкинлигини истисно қилмаган.
Зеленский Ню-Ёркда Трамп билан бўладиган учрашув “кўп нарсани ўзгартириши мумкин”лигини ёзди.
“Кескинликни юмшатиш бўйича айрим ғоялар, шунингдек, хавфсизликнинг асосий масалалари — энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги ва инсонлар ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича таклифлар бор”, — дейилади Украина президенти баёнотида.
Зеленский, шунингдек, Трампга санксиялар ҳақидаги қонунни имзолагани учун миннатдорлик билдирди. Ушбу қонунни яқинда тўсатдан вафот этган америкалик сенатор Линдси Грем фаол илгари сурганди. Украина президенти АҚШ президентининг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнернинг яқинда Киевга ташрифи учун ҳам Трампга раҳмат айтди.
Ўша ташриф чоғида Зеленский Уиткофф ва Кушнер тинчликка эришиш бўйича қандайдир “янги ғоялар” олиб келганини маълум қилган, бироқ уларнинг мазмунини очиқламаган эди.
Томонлар, шунингдек, Украина, АҚШ ва Россия делегациялари иштирокидаги уч томонлама тинчлик музокараларини қайта бошлашга келишиб олди. Украина ва Россия расмийлари бундай маслаҳатлашувлар октябр ойидаёқ қайта ўтказилиши мумкинлигига умид билдирган.
Ғарб экспертлари эса Россия президенти Владимир Путин энергетика соҳасида сулҳ тузишдан манфаатдор эканига шубҳа қилмоқда. Уларнинг фикрича, Путин қишда Украина электр стансиялари ва бошқа муҳим инфратузилма обьектларига зарбаларни кучайтириб, шу йўл билан Киевни ён беришга мажбур қилишга уриниши мумкин.

