Диверсия эҳтимоли Нидерландияда темир йўл қатновида йирик узилишларга сабаб бўлди
Сешанба куни бир нечта жойда темир йўл изларида ёт жисмлар топилганидан кейин поездлар қатнови бекор қилинди ёки кечиктирилди.

Нидерландияда диверсия гумон қилиниши ортидан темир йўл қатновида жиддий узилишлар юз берди
Нидерландиянинг катта қисмида, жумладан Амстердамда темир йўл изларига диверсия қилингани гумон қилиниши ортидан темир йўл қатновида жиддий узилишлар юз берди, деб хабар қилди мамлакат темир йўл оператори.
ProRail компанияси сешанба куни мамлакат маркази ва шимолидаги йўловчиларни рейслар бекор қилиниши ва кечикиши мумкинлигидан огоҳлантирди, шунингдек, бир нечта темир йўл кесишмаларида ҳам носозликлар юзага келган.
Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, бир нечта жойда темир йўл изларига қувурлар маҳкамлаб қўйилган. ProRail ўз баёнотида ушбу ҳодиса «инсон омили томонидан атайлаб содир этилган узилиш» бўлиб кўринаётганини маълум қилди.
Қўшимча қилинишича, ҳозирча ҳеч қандай гумонланувчи ёки мотив аниқланмаган, бироқ миллий полиция бўлинмаси суриштирув олиб бормоқда.
Тармоқ веб-сайтида сешанба куни мамлакат бўйлаб 15 та узилиш қайд этилгани, асосий халқаро аэропорт — Схипхол ва Утрехт йўналишларидаги қатновлар ҳам зарар кўргани кўрсатилган.
ProRail баёнотида шундай дейилади: «Темир йўл изининг бир нечта жойида атайлаб жойлаштирилган материаллар топилди. Бу участкаларда носозликларни келтириб чиқармоқда. Бу диверсияга ўхшайди».
Нидерландиянинг NOS жамоатчилик телерадиокомпанияси томонидан сешанба куни эълон қилинган видеокадрларда полиция Нидерландия марказидаги Веенендаал шаҳрида темир йўл изларидан узунлиги тахминан 1,5 метр (5 фут) бўлган металл қувурларни олиб кетаётгани акс этган.

