Дипломатлар кўмагида икки ойлик чақалоқ онаси бағрига қайтарилди
Россия миграция қонунларини бузган ўзбекистонлик аёлнинг икки ойлик чақалоғи Новосибирскда васийликка олиниб, реабилитация марказига жойлаштирилган. Ўзбекистон дипломатларининг аралашувидан сўнг бола онасига қайтарилди ва улар Тошкентга олиб келинди.

Дипломатлар ёрдамида икки ойлик чақалоқ онасига қайтарилди.
Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси қийин аҳволга тушиб қолган ўзбекистонлик аёл ва унинг икки ойлик фарзандини Ўзбекистонга қайтаришга ёрдам берди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги маълум қилди.
Хабарга кўра, Ўзбекистон фуқароси Россия миграция қонунчилигини бузган. Натижада унинг икки ойлик чақалоғи васийликка олиниб, Новосибирск шаҳридаги “Рассвет” болалар ва ўсмирлар реабилитация марказига жойлаштирилган.
Бош консулхона вазиятни ўрганиб чиққандан сўнг, она ва болани Ўзбекистонга қайтариш бўйича зарур чораларни кўрди. Дипломатлар хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш маркази ҳамда бола жойлаштирилган реабилитация маркази вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Кўрилган чоралар натижасида она ва боланинг Ўзбекистонга қайтиши учун зарур сертификатлар расмийлаштирилди. Шундан сўнг Бош консулхона вакиллари икки ойлик чақалоқни реабилитация марказидан олиб, Новосибирск аеропортида кутиб турган онасига топширди.
Она ва бола 28-август куни Россия авиакомпанияси рейси орқали Тошкентга қайтарилди.

