Депутатлар уйига ким киряпти? Финландияда сирли воқеалар
Финландияда бир неча депутат ўзи йўқлигида уйига номаълум шахслар кирган бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Уйларда эшикни бузиб кириш аломатлари топилмаган, ҳеч нарса ўғирланмаган, бироқ эшиклар очиқ ёки чироқлар ёниқ қолдирилган. Полиция тергов бошлади.

Депутатлар уйига ким киряпти? Финландияда сирли воқеалар
ДВ нашри Финландиядаги Йле ахборот хизматига таяниб хабар беришича, бу ҳолатларнинг барчаси 2026-йил давомида қайд этилган.
Депутатларнинг айтишича, улар уйда бўлмаган пайтда хусусий уй ва квартираларига кимдир кирганини кўрсатадиган аломатларни сезишган. Жумладан, айрим хонадонларда кириш эшиклари очиқ қолган ёки чироқлар ёқилган бўлган.
Шу билан бирга, қулф ёки эшик бузиб очилгани ҳақида ҳеч қандай из топилмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, уйлардан ҳеч нарса ўғирланмаган, буюмларга ҳам зарар етказилмаган.
Бундай ҳолатга дуч келган депутатларнинг аниқ сони ошкор этилмаган. Йле маълумотига кўра, улар 20 нафардан кам.
Ҳозирча эҳтимолий киришлар ортида ким тургани ва бунинг мақсади нима экани номаълум.
Финландия парламенти спикери Юсси Халла-ахо уйларда қолдирилган белгилар атайлаб ташлаб кетилган бўлиши мумкинлигини ҳам инкор этмади.
«Эҳтимол, бу тахмин қилинаётган кириш ҳолатларида муайян умумий белгилар такрорланаётгандир», - деган у 1-октабрдаги матбуот анжуманида.
Финландия бош вазири Петтери Орпо воқеаларда хорижий кучлар алоқадор бўлиши мумкинлигини айтган. Бироқ ҳозирча бундай иштирокни тасдиқловчи маълумот тақдим этилмаган.
«Агар кимдир Финландиядаги барқарорликни издан чиқаришга, хавфсизлик ҳиссимизни ёки, масалан, Украинани қўллаб-қувватлашимизни сусайтиришга уринса, бу тескари натижа беради», - деган Орпо.
У Москва аввал ҳам Европадаги сайловларга аралашишга уринганини эслатган. Финландияда навбатдаги парламент сайловлари 2027-йил апрел ойида ўтказилиши кутилмоқда.
Ҳелсинки полицияси депутатларнинг хусусий турар жойларига кириш ҳолатлари бўйича дастлабки тергов бошланганини тасдиқлаган. Тергов Миллий тергов бюроси кўмагида олиб борилмоқда. Ҳозирча қўшимча тафсилотлар ошкор этилмаган.

