Дунё

Денгиз устидан 29,2 километр: Хитойда улкан темирйўл кўприги қурилиши муҳим босқичга етди

Хитойнинг Ханчжоу қўлтиғида қурилаётган 29,2 километрлик юқори тезликдаги темирйўл кўпригида жанубий кема қатнови пролётининг пўлат конструксияси туташтирилди. Бу лойиҳадаги учта кема ўтиш қисми орасида мазкур босқич якунланган биринчи иншоот бўлди.

Денгиз устидан 29,2 километр: Хитойда улкан темирйўл кўприги қурилиши муҳим босқичга чиқди

Глобал Тимес хабарига кўра, ишлар Нантун - Нинбо юқори тезликдаги темирйўлининг асосий участкаларидан бирида амалга оширилган. Ханчжоу қўлтиғи орқали ўтадиган мажмуа дунёдаги энг узун денгиз устидан ўтувчи юқори тезликдаги темирйўл кўприги бўлиши режалаштирилган.

Лойиҳа шимолий, марказий ва жанубий кема қатнови каналлари устидан қуриладиган учта кўприкни, шунингдек, очиқ сув ва саёзликлардаги туташув қисмларини ўз ичига олади.

Пўлат пролёти туташтирилган жанубий кўприкнинг умумий узунлиги 814,5 метр, асосий пролёти эса 364 метрни ташкил этади. Унинг остидан дедвейти - юк, ёнилғи ва бошқа захираларининг жами оғирлиги - 3000 тоннагача бўлган кемалар ўта олади.

Қурилиш мураккаб табиий шароитларда олиб борилмоқда. Ханчжоу қўлтиғида сувнинг кўтарилиш ва қайтиш пайтидаги сатҳ фарқи қарийб тўққиз метрга етади. Кучли оқимлар ва шамоллар сабаб денгизда ишлаш учун қулай вақт чекланган.

Юқори намлик, шўр муҳит ҳамда ювилиш ва чўкинди тўпланиши туфайли денгиз туби рельефининг ўзгариб туриши ҳам муҳандисларга қўшимча қийинчилик туғдиради.

Пролётни бирлаштириш учун пўлат конструксияларни икки томондан бир-бирига қараб суриш технологияси қўлланилган. Элементларни аниқ туташтиришда БеиДоу сунъий йўлдош навигацияси ва рақамли мониторинг воситаларидан фойдаланилган.

Таянчлар, пўлат конструксиялар ва вақтинчалик ушлаб турувчи қисмларга ўрнатилган датчиклар металлдаги зўриқиш, ванталардаги кучланиш ва элементлар силжиши ҳақида ҳар бир неча миллисекундда маълумот узатган. Махсус чеклагич ва мосламалар шамол таъсирини камайтириш ҳамда конструксиялар ҳолатини иш жараёнида тўғрилашга ёрдам берган.

Туташтириш ишлари атайлаб тунда бажарилган. Бу пайтда ҳарорат нисбатан барқарор бўлгани учун металлнинг иссиқлик таъсирида кенгайиши ёки қисқариши камроқ халақит берган.

Қурувчилар хавфли об-ҳаво ва сув шароитлари ҳақида олдиндан огоҳлантирувчи тизим ҳам яратган. Иш жадвали жорий вазиятга қараб ўзгартириб борилган.

Энди ванталардаги кучланишни босқичма-босқич созлаш, туташув участкаларини бетонлаш, қолган ванталарни ўрнатиш ва таранглаш ҳамда доимий таянч қисмларини монтаж қилиш ишлари бажарилади. Шундан сўнг кўприк конструксияси доимий ишлаш схемасига ўтказилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.