Дахлсизлик ҳуқуқини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди
Ўзбекистонда дахлсизлик ва иммунитет ҳуқуқига эга шахслар доираси ҳамда уларга нисбатан иш юритиш тартибига аниқлик киритилди. Янги қонунда дахлсизлик ва иммунитет ҳуқуқларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган.

Дахлсизлик ҳуқуқини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди
14-октабр куни Ўзбекистон президенти имзолаган қонун билан дахлсизлик ва иммунитетга эга шахсларга нисбатан иш юритишнинг алоҳида тартиби белгиланди.
Дахлсизликка эга шахслар қаторига қуйидагилар киради: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари; инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман); болалар ҳуқуқлари бўйича вакил; судялар; прокурорлар, терговчилар ва суриштирувчилар; адвокатлар; Марказий сайлов комиссияси аъзолари; Президентликка номзодлар (номзодлик мақомида бўлган даврда) ва бошқалар.
Президент Администрациясининг бошқарув ходимлари эса ишдан бўшатилганидан кейин беш йил давомида Президент Администрациясида ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракати ёки ҳаракацизлиги учун дахлсизликка эга бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти; Президент Администрациясининг мансабдор шахслари ва уларнинг оила аъзолари иммунитетга эга шахслар ҳисобланади.
Шунингдек, Президент Администрациясининг бошқарув ходимлари Президент Администрациясида ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш билан боғлиқ ҳолда қабул қилган қарори, содир этган ҳаракати ёки ҳаракацизлиги юзасидан иммунитетга эга.
Парламент аъзолари эса овоз бериш ва фикр билдириш учун иммунитетга эга.
Дахлсизликка эга шахсни ушлаб туриш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга олиб келиш мумкин эмас, ЖПК 221-моддасининг 1-бандида назарда тутилган асослар (шахс жиноят устида ёки бевосита уни содир этганидан кейин қўлга тушса) бўйича уч соатгача ушлаб туриш ҳоллари бундан мустасно.
Дахлсизликка эга шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш учун тегишли палата, Президент ёки бошқа ваколатли органнинг розилиги талаб этилади. Масалан, депутатлар учун — тегишли палатанинг, Президент Администрацияси бошқарув ходимлари учун — Бош прокурорнинг тақдимномаси асосида Президентнинг ёзма розилиги.

