Давр Банк 25 ёшини халқаро молия бозорига чиқиш билан бошлади
29-сентабр куни Давр Банк ХАТБ ташкил топганининг 25 йиллигини нишонлайди. Банк юбилейини янги стратегик ҳамкор - Озарбайжоннинг энг йирик молия институтларидан бири бўлган Озарбайжон Халқаро банки (АББ) ҳамда янги «АББ Давр» бренди билан кутиб олмоқда.

Давр Банк 25 ёшини халқаро молия бозорига чиқиш билан нишонлади
29-сентабр куни Ўзбекистон банк тизимининг барқарор иштирокчиларидан бири — Давр Банк хусусий аксиядорлик тижорат банки ташкил этилганига 25 йил тўлди. Юбилей арафасида банк ўз тарихида янги саҳифа очадиган стратегик келишувга эришди: Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари иштирокида «АББ Давр» қўшма лойиҳасига старт берилди.
2026-йил 22-август куни Тошкентда ИВ Ўзбекистон–Озарбайжон ҳудудлараро форуми доирасида Озарбайжон Халқаро банки (АББ) Бошқарув раиси Аббос Ибрагимов ҳамда Давр Банк таъсисчиси, Кузатув кенгаши раиси Лутфулла Убаев Давр Банк аксияларининг назорат пакетини сотиб олиш ҳақидаги битимни имзолади.
Кейинги куни, 23-августда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев иштирокида онлайн шаклда янги «АББ Давр» банк лойиҳасини ишга туширишнинг расмий маросими ўтказилди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бу воқеани мамлакатнинг етакчи банкларидан бири Ўзбекистон бозорига муваффақиятли кириб келгани сифатида баҳолади.
Келишувларга мувофиқ, банк Ўзбекистон бозорида «АББ Давр» бренди остида фаолиятини давом эттиради. Озарбайжон молия секторининг етакчиларидан бири бўлган АББ Ўзбекистонга синовдан ўтган корпоратив бошқарув тизими, рақамли ечимлар ҳамда сунъий интеллектга асосланган инновацион лойиҳаларни олиб киришни режалаштирмоқда. Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратиш асосий устувор йўналиш бўлади.
«Ушбу битим туфайли биз банк хизматларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқдамиз. Янги ҳамкоримизнинг тажрибаси, инновацион технологиялар ва барқарор капитал Давр Банкғка қисқа муддатда мижозларга энг илғор молиявий маҳсулотларни таклиф этиш имконини беради. Бу ҳамкорлик банк учун янада юқори барқарорлик ва кучли технологик юксалиш кафолати бўлади», - дея таъкидлади Давр Банк таъсисчиси ва Кузатув кенгаши раиси Лутфулла Убаев.
Ўз навбатида, АББ бошқарув раиси Аббос Ибрагимов янги стратегик босқични айнан қардош Ўзбекистонда бошлаш банк учун катта шараф эканини қайд этиб, лойиҳа мамлакат иқтисодиёти ва бизнеси учун ишончли молиявий ҳамкорга айланишига ишонч билдирди.

