Давлат ташкилотларида ўзбек тилига риоя этиш назорати кучайтирилади
Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этиш ҳамда ўзбек тили қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар белгиланди. Давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилар қонунчилик ижросини назорат қилиб, ҳужжатлар, ташқи ёзувлар ва рекламаларнинг тил меъёрларига мувофиқлигини ўрганиб боради.

Давлат ташкилотларида ўзбек тилига амал қилиш назорати кучайтирилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 7-августдаги 437-сонли қарори билан республикада давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чоралар белгиланди.
Қарорга кўра, республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимликларида раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.
Уларнинг фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мувофиқлаштиради ва услубий жиҳатдан бошқаради. Маслаҳатчилар тегишли ташкилот раҳбари томонидан Департамент билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва озод этилади.
Маслаҳатчиларнинг асосий вазифаларидан бири давлат тили, географик объектлар ва маънавий-маърифий соҳага оид қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш бўлади. Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш чоралари кўрилади.
Бундан ташқари, давлат идораларидаги ташқи ёзувлар, лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали ахборот материалларининг қонунчилик талабларига мувофиқлиги назорат қилинади.
Қарор билан давлат тилига оид қонунчилик талабларига риоя этилиши учун давлат органлари, ташкилотлар, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг масъул ва шахсий жавобгар экани ҳам белгиланган.
Шунингдек, давлат тилида иш юритиш самарадорлигини оширишга оид қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича давлат органлари ва ташкилотларида навбатма-навбат танлов асосида мониторинг ишлари олиб борилиши кўзда тутилган.

