Сиёсат

Давлат ташкилотларида киберхавфсизлик назорати кучайтирилади

Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотларида киберхавфсизликка оид топшириқларни назорат қилишнинг янги тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Тегишли лойиҳага кўра, ахборот тизимларида аниқланган заифлик ва камчиликларни бартараф этиш бўйича топшириқлар Ijro.gov.узънинг алоҳида модули орқали назорат қилинади.

Давлат ташкилотларида киберхавфсизлик назоратини кучайтиришга қаратилган Ўзбекистон президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи фармон лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу ҳужжат соҳа ва ҳудудларни рақамлаштириш жараёнида киберхавфсизликни таъминлаш, бюрократик жараёнларни оптималлаштириш ҳамда рақамлаштиришга оид топшириқлар ижросини назорат қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.

Лойиҳага кўра, киберхавфсизликка оид топшириқлар ижроси бўйича назорат ва ҳисобдорлик "Ijro.gov.уз" тизимидаги алоҳида модул орқали ташкил этилади.

Бунда киберхавфсизлик соҳасида экспертиза ўтказишга масъул орган давлат органлари, ташкилотлари ва давлат улуши мавжуд корхоналарнинг ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаларида аниқланган заифлик ва камчиликлар бўйича тегишли топшириқларни шакллантиради.

Экспертиза жараёнида аниқланган камчиликлар, берилган кўрсатма ва таклифлар ҳам ушбу топшириқларга киритилиб, тизимли равишда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.

Вазирлар Маҳкамаси эса уларни "Ijro.gov.уз"нинг махсус модулида назоратга олиб, масъул ижрочиларга йўналтиради. Топшириқларнинг бажарилиши ҳафталик ҳисоботлар асосида мониторинг қилинади.

Киберхавфсизликка оид топшириқлар фақат Рақамли технологиялар вазирлигининг ижобий хулосаси асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан назоратдан ечилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, рақамлаштиришга оид топшириқларни бажариш муддатини киберхавфсизлик бўйича уч босқичли экспертиза муддатларидан келиб чиқиб узайтириш имконияти белгиланмоқда. Бундай узайтириш Рақамли технологиялар вазирлиги таклифи асосида Адлия вазирлиги томонидан Ҳисоб палатаси билан келишилган ҳолда, ҳар бир босқич учун фақат бир марта амалга оширилиши мумкин.

Лойиҳада давлат органлари, давлат ташкилотлари ва давлат улуши мавжуд корхоналарнинг давлат ахборот тизимлари ва ресурсларини бошқа ташкилотлар ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборот тизимлари билан тўғридан тўғри интеграция қилишга оид чекловлар ҳам аниқлаштирилмоқда.

Фармон ижроси учун Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари, адлия вазири ва рақамли технологиялар вазири шахсан масъул этиб белгиланиши, умумий назорат ва масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш эса бош вазир зиммасига юклатилиши назарда тутилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.